29961

К.Георгиева: Ўзбеклар ташаббускор халқ, уларга шароит яратиб бериш керак холос

Иқтисод 22 январь 9:39 583

«Ўзбекистон 24» телеканалида Жаҳон Банки ижрочи директори Кристалина Георгиева билан бўлган интервьюда Ўзбекистонда охирги йил давомида ўтказилган ислоҳотлар муҳокама қилинди.

Интервьюда Кристалина Георгиева Ўзбекистон халқининг тадбиркорликка бўлган иштиёқини алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Ўзбеклар ташаббускор халқ, уларга шароит яратиб бериш керак холос, — деди Жаҳон Банки раҳбари.

Тадбиркорларга яратилаётган шароитлар борасида Георгиева охирги йил давомида Ўзбекистонда катта ишлар қилинаётганини ва улар жаҳон ҳамжамияти томонидан илиқ кутиб олинаётганини қайд этди.

Хусусан, Георгиева 2017 йил якунига кўра, Жаҳон Банкининг “Doing business” рейтинги бўйича Ўзбекистон дунёда энг яхши ислоҳотлар тадбиқ этган 10 мамлакат қаторидан ўрин олганини айтиб ўтди.

«Ушбу ислоҳотлар ҳақиқатдан ҳам ўтказилганлигини ва улар тўғри йўналишда эканини ўзбекистонликларнинг келажакка ишончи тобора ортиб бораётганидан ҳам билиб олса бўлади», — деди Георгиева.

Ўз иш фаолияти ҳақида берилган саволга “Мен ўз ишимни яхши кўраман, чунки менинг ишим алоҳида мамлакатларни ўз халқи яшаши учун энг яхши жойга айланишга ёрдам беради”, — деди Жаҳон Банки раҳбари.

Кристалина Иванова Георгиева 1953 йилда Болгариянинг София шаҳрида туғилган. Иқтисод, сиёсий иқтисод ва ижтимоий изланишлар соҳасида олий маълумот ва илмий унвонларга эга. Георгиева ЖБ тизимининг кўплаб лавозимларида ишлаган. Хусусан 2004 йилдан ЖБнинг Россиядаги вакили, 2010 йилдан ЕИ гуманетар фонди раҳбари, Европа комиссияси вакили ва вице-президенти лавозимларида ишлаб келган. 2017 йилнинг февраль ойидан бошлаб Жаҳон Банки ижрочи директори этиб тайинланган.

Изоҳ билдириш