48760

Ўзбекистонда инфляция даражаси маълум қилинди

Иқтисод 1 ноябрь 13:33 956

Жорий йилнинг октябр ойида мамлакатнинг истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархи ўртача 1,3 %га кўтарилди. Умумий ҳисобда 10 ой давомида истеъмол секторида инфляция даражаси 9,5 %ни ташкил этди.

Давлат статистика қўмитаси берган маълумотларга кўра, 2017 йилнинг охирига нисбатан товарлар нархи ўртача 9,1 %га ошиб, хизматлар эса 10,7 %га қимматлашган.

Жорий йилнинг октябр ойига келиб, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ой давомидаги ўсиш суръати ушбу даврдаги ноозиқ-овқат маҳсулотлар ва хизматлар нархлари даражасидан бирмунча юқорироқ бўлди. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 2,3 %га ошган вақтда, хизматлар ҳамда ноозиқ овқат маҳсулотлар нархлари умумий нархларнинг кўтарилишида фақатгина 0,5 %га таъсир этди. Йил бошидан мазкур гуруҳлар кесимидаги нархларнинг ўзгариши таҳлилига кўра юқоридаги вазиятнинг аксини кўришимиз мумкин, яъни, нархларнинг ошиши борасидаги етакчилик – хизматлар соҳасига тегишлидир (10,7 %).

2018 йилнинг ҳар бир ойидаги нархларнинг ўзгариши таъсири таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, январь ойидаги инфляцион босим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг сезиларли даражада ошиши билан бевосита боғлиқ. Февраль ва март ойларидаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кўтарилиши деярли тенг нисбатда кузатилган бўлиб, хизматлар соҳасидаги нархлар ўзгариши тенденциясидан устун келди.

Апрел ва май ойларида маъмурий жиҳатдан тартибга солинадиган тарифлар нархларининг кўтарилиши сабабли таъсир даражаси бўйича диққат-эътибор хизматлар соҳасига қаратилди. Июнь ва июль ойларида истеъмол бозорларининг янги етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўйинганлиги, шунингдек, парранда гўшти маҳсулотлари ва тухум нархларининг арзонлашганлиги натижасида нафақат озиқ овқат маҳсулотлари нархларининг арзонлашишига, балки, умумий истеъмол нархлари индекси даражасининг пасайишига замин яратди.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмол нархлари индекси юқорида таъкидланганидек, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ой давомида ўртача 2,3 %га ўсгани умумий ИНИ даражасининг 1,0 ф.д.га ортишига олиб келди. 2017 йилнинг декабрь ойига нисбатан нархларнинг 8,5 %га ошганлиги эса умумий кўрсаткичнинг 3,7 ф.д.да кўтарилишига сабаб бўлди. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари январь (ой давомида 3,5 %), сентябр (3,3 %) ва октябр ойларида (2,3 %) сезиларли даражада қимматлашди. Июнь ва июль ойларида умумий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари даражасининг пасайиши том маънода бозорларнинг янги мева-сабзавот ҳосиллари билан тўйинганлиги, шунингдек, парранда гўшти ва тухум каби маҳсулотлар нархларининг сезиларли даражада арзонлашганлиги билан тавсифланади.

Изоҳ билдириш