29485

Улгуржи савдогарларга катта енгиллик берилди

Иқтисод 17 январь 11:31 1 875

2018 йил 1 февралдан бошлаб улгуржи савдо корхоналарига лицензия олишда устав фондига йирик пул маблағи киритиш бўйича талаб бекор қилинади. Бу ҳақида  Ўзбекистон Республикаси Президентининг бугун, 16 январь куни имзоланган «Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида таъкидланган.

Ҳужжатга кўра, улгуржи савдога лицензия олишда энг кам иш ҳақининг 3500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда, шундан пул маблағлари энг кам иш ҳақининг 1200 бараваридан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилган устав фонди мавжудлиги ҳақидаги талаб бекор қилинади.

2018 йил 1 февралдан эътиборан озиқ-овқат маҳсулотларининг режалаштирилаётган хариди ҳақидаги батафсил маълумот ҳар ой Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида эълон қилиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Бухоро ҳокимлиги матбуот-хизмати эндиликда улгуржи савдогарларга лицензия олишда юридик шахс давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳномани тақдим этиш тўғрисидаги талаб ҳам бекор қилиниши ҳақида хабар берган эди.

Изоҳ билдириш