49755

Ўзбекистонда қатор ташкилотлар 2023 йилга қадар мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод этилди

Иқтисод 5 декабрь 10:10 633

Ўзбекистон Республикаси президенти “Республикада пиллачилик тармоғини жадал ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибига кирувчи ташкилотлар 2023 йил 1 январга қадар муддатга мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод этилди, бунинг натижасида бўшайдиган маблағлар ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, шу жумладан, технологик ускуналар сотиб олиш учун мақсадли тарзда йўналтирилади.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 12 январдаги “Республикада ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3472-сон қарорининг 10-банди “а” кичик бандида назарда тутилган божхона тўловлари бўйича имтиёзларни, истисно тариқасида, тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар ҳисобига олиб кирилаётган божхона расмийлаштируви вақтида ишлаб чиқарилган йили 3 йилдан 7 йилгача бўлган технологик ускуналарга ҳам қўллашга рухсат берилди. Белгилаб қўйилишича, мазкур бандда назарда тутилган имтиёз қуйидаги шартлар билан қўлланилади:

имтиёз қўлланилганидан кейинги йилдан бошлаб 3 йил давомида ҳар йили ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг камида 50 фоизини экспорт қилиш;

имтиёзни қўллаш натижасида бўшайдиган маблағларни технологик ускуна олиб кирилган кундан бошлаб дастлабки 2 йилида ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида технологик ускуналар сотиб олиш учун мақсадли тарзда йўналтириш.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тармоқ ташкилотлари ходимларини ихтисослашган олий таълим муассасаларидаги “Ипакчилик ва тутчилик” таълим йўналиши бўйича сиртқи бўлимларга белгиланадиган қабул квоталаридан ташқари тўлов-контракт асосида тест синовларисиз қабул қилиш тартиби жорий этилади. Бунда олий таълим муассасаларига қабул:

ходимнинг умумий ўрта ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ва тармоқ ташкилотларида камида 3 йил амалий иш стажига эга бўлиши;

контракт тўлови тармоқ ташкилоти томонидан кафолатланган ҳолда амалга оширилиши ва ходим – битирувчининг ўқишни тамомлаганидан сўнг 5 йил давомида тармоқ ташкилотида ишлаб бериши шарти билан амалга оширилади

Изоҳ билдириш