46057

Тарихда илк бор Тошкентдаги бозор тадбиркорга мустақил бошқариш учун берилди

Иқтисод 17 август 9:51 531

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги “Наврўз деҳқон бозори” Ўзбекистон тарихида илк маротаба тадбиркорлик субъектига ишончли бошқарувга берилди.​ Бу ҳақда Адлия вазирлиги «Халқ сўзи»га маълум қилди.

Давлат раҳбарининг топшириқларига асосан, Тошкент шаҳрида маҳаллий бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш мақсадида Фармон лойиҳаси тажриба сифатида синовдан ўтказилмоқда. Ушбу тажриба доирасида Президент девони бошчилигида ҳамда Адлия вазирлиги ходимларининг ҳуқуқий ёрдамида пойтахтнинг Мирзо Улуғбек ва Олмазор туманида ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

Маълумот учун: ишончли бошқарув, бу — давлат мулкидан ташкил топган ва амалда давлат идорасининг бошқарувида бўлган мол-мулкни тадбиркорлик субъектига ишончли бошқарувга топширишдир.

Бу, ўз навбатида, мазкур бозорни эндиликда тадбиркор томонидан мустақил равишда эркин иқтисодий қонуниятлари асосида ҳамда давлат органларининг таъсиридан мутлақо ҳоли ҳолда бошқариш, демакдир.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда республикада давлат улуши бўлган 491 бозор ва савдо комплекслари мавжуд. Жорий йил биринчи ярим йиллик якунига кўра, уларнинг бюджет, жисмоний ва юридик шахслар олдидаги қарздорлиги 80 млрд. сўмдан ортиқ қийматни ташкил этади.

Изоҳ билдириш