36882

Солиқ ва бож тўловларида қандай ўзгаришлар бўлди?

Иқтисод 24 апрель 11:50 588

Мамлакатимизда халқимизни рози қилиш, ижтимоий адолатни барқарор ўрнатиш, қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли манфаатларини муҳофаза этиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қабул қилинаётган ҳар бир қонун, Фармон ва қарор замирида одамларга енгиллик беришдек улуғвор мақсадлар мужассам.

Хусусан, 2018 йил 18 апрелда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга кўра, жисмоний ҳамда юридик шахсларга солиқ ва бож тўловларида бир қатор имтиёзлар берилмоқда. Масалан, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида аҳолини энергия ресурсларидан фойдаланишдаги энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган тураржойларда муқобил энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар — муқобил энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан уч йил муддатга жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан озод этиладилар. Бунда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида энергия таъминоти ташкилотлари томонидан тақдим қилинган маълумотнома мазкур имтиёзни бериш учун асос бўлади.

Шунингдек, ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солинадиган база туристик фаолият субъектлари учун — туристик хизматларни онлайн-бронлаштириш ва сотиш бўйича дастурий маҳсулотларни ҳамда ахборот тизимларини жорий этишга йўналтирилган маблағлар суммасига камайтирилмоқда.

Аҳолини пахта-йиғим теримига жалб қилишдаги заруратни ҳисобга олиб, пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этилган жисмоний шахслар томонидан бу ишларни бажарганлик учун олинадиган даромадларга ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари ҳисобланмайди.

Қишлоқ аҳолисининг ишлаб чиқаришнинг турли йўналишлари билан шуғулланишларини рағбатлантириш мақсадида ягона ер солиғи тўловчилари бўлган кўп тармоқли фермер хўжаликлари тегишли реестрга киритилган кундан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа даромад турлари бўйича ягона солиқ тўловини тўлашдан беш йил муддатга озод қилинадилар.

Мазкур Қонунга мувофиқ, Солиқ кодексининг айрим нормалари таркиби кенгайтирилди. Жумладан, агар авваллари тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар жумласига тарихий-маданий қўриқхоналар, хотира боғлари, сағаналар, археология ёдгорликлари, тарих ҳамда маданият ёдгорликлари эгаллаган ерлар кирган бўлса, эндиликда ушбу ерлар тегишли муассасалар ва ташкилотларга доимий фойдаланишга берилган бўлса ҳам (хўжалик фаолияти юритилаётган ерлар бундан мустасно) солиқ солинмайдиган ер участкалари сирасига киритилди.

Шунингдек, Қонунда мол-мулкка хўжасизларча муносабатда бўлган ҳоллар бўйича Солиқ кодексига ўзгартишлар киритиш масаласи ҳам кўриб ўтилган. Мисол учун, давлат органлари ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш тўғрисидаги даъволар бўйича умумий юрисдикция судларида давлат божини тўлашдан озод этилмоқда. Бундан ташқари, давлат органлари жисмоний шахсларга тегишли бўлган тарихий, илмий, бадиий қимматга ёки ўзга маданий қимматга эга бўлган мол-мулкни жисмоний шахслар бу мол-мулкка хўжасизларча муносабатда бўлган ҳолларда улардан давлат мулкига олиб қўйиш тўғрисидаги ишлар юзасидан ҳам судларда давлат божини тўлашдан озод қилинмоқда.

Қолаверса, мазкур Қонунга асосан, давлат божини тўлаш тартибига аниқлик ҳамда қўшимчалар киритилди. Хусусан, давлат нотариал идораси биносидан ташқарида — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари биноларида нотариусларнинг сайёр қабуллари чоғида амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар учун давлат божи авваллари икки баравар миқдорда ундирилган бўлса, бундан буён бир баравар миқдорда ундирилиши белгилаб қўйилди.

Умуман, ушбу Қонун билан Солиқ кодексига киритилган янги имтиёзлар солиқ ва бож тўловларининг адолатлилик принципини мустаҳкамлаш билан бирга, аҳоли қатламларининг ижтимоий қўллаб-қувватланишига ҳам хизмат қилади. Мазкур имтиёзлар давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига биноан Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартишларнинг дебочаси бўлиб, уларни келгусида солиқларнинг тури ҳамда миқдорини оқилона белгилаш орқали, жисмоний ва юридик шахсларга солиқ юкини камайтириш бўйича олиб борилаётган ўзгаришларнинг бошланғич босқичи, деб баҳолаш мумкин.

Мухамет ДЖУМАГАЛДИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси.

Изоҳ билдириш