9915

Россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Иқтисод 15 июнь 11:14 306

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасида россиялик ишбилармонлар билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилди «Жаҳон» АА.

Учрашувда Ўзбекистон билан Россия ўртасида экспорт-импорт алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди. Савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш, тадбиркорларга бозор талабларини ўрганиш асосида ўз маҳсулот ва хизматларини экспорт қилиш имкониятларини кенгайтириш, ишончли ҳамкорлар топишга кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.

— Новосибирск ва Барнаулда йирик савдо майдонлари қурилмоқда, — дейди Россиянинг Ташқи савдо ва халқаро иқтисодий муносабатларни ривожлантириш кенгаши раҳбари Максим Черешнев. — Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқарувчи субектлари ушбу майдонлардан жой эгаллашидан манфаатдормиз. Уларнинг савдо билан шуғулланиши учун барча шароит яратиб берилади.

Учрашувда Тошкент, Наманган, Жиззах, Қашқадарё ва бошқа вилоятлардан келган экспортчи корхоналар вакиллари қатнашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Музокаралар якунида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан Россиянинг Ташқи савдо ва халқаро иқтисодий муносабатларни ривожлантириш кенгаши ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.

Изоҳ билдириш