45736

Пенсия ёшини 5 йилга қисқартириш: бу қайси ҳолларда амалга оширилади?

Иқтисод 13 август 10:23 1 134

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Муҳокама қилинган ҳужжатлар қуйи палата мажлисига қадар сиёсий партиялар фракциялари, шу жумладан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида ҳам муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари қонун лойиҳалари борасида ўз позициясини билдирди.

Шерзод ҚУЛМАТОВ, ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2017 йил 28 декабрдаги “Меҳнат фаолиятини амалга оширувчи айрим алоҳида тоифадаги пенсионерларга мақбул шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонларига мувофиқ ишлаб чиқилган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар ва ўзгартиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси фуқароларни давлат томонидан тизимли қўллаб-қувватлашга қаратилган. Қонун лойиҳасида алоҳида тоифадаги I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга имтиёзли пенсиялар тайинлаш, шунингдек, пенсиялар тўғри тайинлангани ва тўланиши борасида ўтказилаётган текширишлар натижасига кўра аниқланган ортиқча тўловларни пенсиялардан ушлаб қолиш тартибини янада такомиллаштириш масалалари ўз ифодасини топмоқда. Унга кўра, эркаклар иш стажи камида 25 йил, аёллар иш стажи камида 20 йил бўлганда, умумий белгиланган пенсия ёшини 5 йилга қисқартирган ҳолда имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия тайинлаш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, пенсионер бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг пенсиядан ортиқча тўланган суммаларни ундириш тўғрисидаги қароридан норози бўлганда, аниқланган қарздорликни суд тартибида ундириш масалалари ўз ифодасини топган. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ, ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси давлат божини тўлаш бўйича қонунчиликни янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Солиқ кодекси 328-моддасининг амалдаги таҳририда фуқаролик ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар учун бож ундириш объектини белгилашда турлича ёндашувлар мавжуд. Масалан, фуқаролик ишлари бўйича суднинг қарори устидан назорат тартибида шикоят билан мурожаат этилганда бож тўланса, иқтисодий судда тўланмайди. Худди шунга ўхшаш фарқли ҳолатлар ҳакамлик судлари фаолиятида ҳам мавжуд.

Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 329- ва 330-моддаларида давлат божини тўлашдан озод этилган шахсларнинг, жумладан, учинчи шахслар манфаатларини кўзлаб даъво бериш ҳуқуқига эга бўлган давлат органлари ва бошқа органларнинг рўйхати келтирилган бўлиб, уларнинг бир қисми ё судларга мурожаат этмаяпти, ё ушбу ҳуқуқдан хўжалик юритувчи субъектлар манфаатларини кўзлаб иш қўзғатиш мақсадидагина фойдаланяпти. Шу боис Солиқ кодексининг 329- ва 330-моддаларига айрим шахсларга бож тўлаш бўйича берилган имтиёзларни бекор қилувчи ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, маъмурий судлар ташкил этилганлиги ва уларнинг ваколатига маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўриш берилганлиги сабабли Солиқ кодекси маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божини тўлашдан озод қилинган шахсларнинг рўйхатини назарда тутувчи янги 3301-модда билан тўлдирилмоқда.

Солиқ кодексининг 329-, 330-моддалари судларга мурожаат этишда давлат божларини тўлашдан озод қилинган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилганда давлат божи шу шахслардан ёки манфаати кўзланиб ариза тақдим этилган шахслардан талабнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилишини белгиловчи янги қисм билан тўлдирилмоқда.

Шерзод ТЎХТАШЕВ, ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Адлия органлари фаолияти тизимлилигини оширишга қаратилган “Ўзбекистон Рес­публикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу қонун лойиҳаси билан 7 қонун ҳужжатига — Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги, “Парламент назорати тўғрисида”ги, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги ва “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги қонунларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Қонун лойиҳасига кўра, тегишли халқ депутатлари Кенгашлари Адлия вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати эса ҳар йили Адлия вазирининг давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати тўғрисида ҳисобот ва ахборотини эшитиши назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши адлия органлари фаолияти тизимлилиги даражасини оширади ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органларининг адлия органлари фаолияти устидан назорат ваколатларини кучайтиради. Шунинг­дек, Адлия вазирлигининг ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Изоҳ билдириш