36773

Нореал қарздорлик бўйича аризалар таҳлил қилинганда

Иқтисод 23 апрель 14:29 321

Ҳар бир фуқаро шикоят, мурожаат ва таклифлари юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир. Фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисида Конституция ва бошқа қонун ҳужжатларида ҳам белгилаб қўйилган. Шу ўринда Бағдод туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига жорий йилнинг 3 ойида келиб тушган ва ўрганиб чиқилган ариза ва шикоятларни таҳлил қиладиган бўлсак, мурожаатларнинг аксарияти яъни 85 фоизи электр энергиясидан нореал қарздорлик бўйичадир. Жумладан;

Туманнинг Самандарак қишлоғида яшовчи М.Мирзаевнинг электр энергиясидан 2 миллион сўм қарздорлиги борлигини айтиб огоҳлантириш хати бериб кетишган. Масалага аниқлик киритиб беришини сўраб жамиятимизга мурожаат қилган ва мутахассислар иштирокида ўрганилганида фуқаро 2 миллион сўм қарздорлиги ўрнига 322 кваттга яъни 65 784 сўм ҳақдорлиги борлиги аниқланган.

Қўғоли қишлоғида яшовчи Т.Юлчиевнинг мурожаатида ҳам фойдаланилган электр энергияси хисоб-китоби юзасидан эътироз билдирилган. Жамият ходимлари мурожаатни ўрганишганида аризачининг хонадонига 2011йил ноябрь ойида электрон хисоблагич ўрнатганлиги ва унинг ҳозирги кундаги кўрсатгичи 4747–к\ваатни, охирги тўловлари эса 5158 к\ваттни ташкил қилганлиги аниқланган.

Лекин “Наряд” кўринишдаги далолатнома йўқлиги сабабли хужжатлари “ПК хисоб”дастурига киритилмаганлиги, натижада амалга оширган тўловлари мунтазам фуқаронинг эски хисоблагичига тушиб келганлиги маълум бўлган. Ўрганув натижасида электр хисоблагич наряд асосида “ПК хисоб” дастурига киритилган ҳамда қайта хисоб-китоб қилинганида электр энергиясидан 384 000 сўм қарздор эмас, 83 967 сўм ҳақдорлиги борлиги маълум бўлган.

Конизар қишлоғида яшовчи М.Усмоновани ариза ёзишга сабабчи ҳам электрдан бўлган нореал қарздорлиги бўлган. Жамият ходимлари томонидан ўрганилганида, унинг хонадонига 2011 йилда DDS28u маркали янги электрон хисоблагични собиқ назоратчи электромонтёр томонидан ўрнатилганлиги бироқ “Наряд” далолатномаси тузилиб “ПК хисоб” дастурига киритилмаганлиги натижасида дастурда эски индукцион хисоблагич қолиб кетганлиги аниқланган. Ходимларимиз аралашуви билан янги хисоблагич наряд асосида дастурга киритилиб, қайта хисоб-китоб қилинганида қарздор эмас 448 438 сўм ҳақдорлиги маълум бўлган.

Самарқанд қишлоғида яшовчи А.Саидовнинг аризаси бўйича ўрганилганида ҳам ўрнатилган ДДS 28-U маркали электрон хисоблагич наряд асосида дастурга киритилмаганлиги, натижада дастурда эски индукцион хисоблагичда қолиб кетганлиги аниқланиб, жамият ходимлари саъйи ҳаракати билан электр хисоблагич учун наряд варақаси тўлдирилиб “ПК хисоб” дастурига киритилган ва қарздорлик бартараф этилган.

Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин, бироқ аҳолимизни сарсон бўлишига сабаб бўлаётган муаммоларни келиб чиқишига электр корхонасида аввал ишлаб чиқиб кетган кимлардир сабабчи бўлганлиги ва бугунги кунга келиб уни ечимини топишда корхонанинг маъсул ходимлари ичида ўз ёрдамини аямай келаётганлар ҳам бор албатта.

Биз бундай фидоий ходимларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз ва келгусида собиқ ҳамкасблари такрорлаган камчиликларга йўл қўймасликларини тилаб қоламиз. Ваҳолангки, Юртбошимиз таърифи билан айтганда, “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий меъзонидир”, биз барчамиз ушбу тамойилга амал қилиб сидқидилдан ишласаккина фуқароларимиз биздан миннатдор бўлишади.

Бағдод туман ИҲҲҚЖ матбуот ва
ахборот мутахассиси М.Олтибоева.

Изоҳ билдириш