16667

Наманганда костюм ишлаб чиқарадиган корхона ишга туширилди

Иқтисод 31 август 10:17 493

Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида Наманган шаҳрида яна бир замонавий корхона фаолият бошлади.

2009 йилдан буён тикувчилик саноати йўналишида муваффақиятли фаолият юритиб, ўз маҳсулотлари билан истеъмол бозоридан мустаҳкам жой олган “Текстиль либос” масъулияти чекланган жамияти кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлида яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб, яна бир лойиҳани амалга оширди.

Ички имкониятлар ҳисобидан 2 миллион доллар маблағ сарфланган мазкур лойиҳага кўра, янги корхонада хориж технологиялари асосида костюм ишлаб чиқарилади. 300 дан зиёд замонавий тикув машинаси тўла қувват билан ишга туширилгач, йилига 200 минг экспортбоп маҳсулот тайёрлаш имконияти яратилади.

– Иқтисодиётимиз юксалиб, халқимиз фаровонлиги ошиб бораётгани истеъмолчиларнинг ҳар томонлама сифатли либосларга бўлган эҳтиёжини таъминлашни тақозо этмоқда, – дейди корхона раҳбари А.Муҳиддинов. – Шу боис асосий эътиборни рақобатбардошликка қаратмоқдамизки, келгусида маҳсулотларимиз нафақат ички, балки жаҳон бозорида ҳам харидоргир бўлсин. Бунинг учун мамлакатимизда барча имкониятлар мавжуд.

Айни пайтда 70 ишчи меҳнат қилаётган “Текстиль либос” масъулияти чекланган жамиятида янги корхона ишга туширилиши билан яна 110 киши доимий даромад манбаи билан таъминланадиган бўлди, – деб хабар қилди Ўзбекистон Ҳукумат портали матбуот-хизмати

Изоҳ билдириш