49430

Метан нархи нағмаси: қарс бир қўлдан чиқяпти(ми)?

Иқтисод 24 ноябрь 17:26 1 346

Истеъмолчилар учун куз фасли сўнгги ойи­нинг дебочасидаги энг муҳим янгиликлардан бири, шубҳасиз, ёқилғи, электр энергияси ҳамда табиий газ нархларининг мос равишда оширилиши ҳақидаги хабар бўлди. “Ўзбек­энерго” акциядорлик жамияти эса бунга ҳуқуқий асос сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг ва тарифларининг босқичма-босқич ўзгариши тўғрисида”ги қарорини кўрсатди.

Шундан сўнг интернет нашрларда нархлар қимматлаши борасида турли чиқиш­лар кузатилди. Жумладан, 16 ноябр­дан эътиборан газ ҳисоблагичлари ўрнатилган хонадонлар учун табиий газ нархи 10 фоизга ошиб, 1 кубометри 320 сўмга тенг бўлиши кутилаётгани айтилди.

Асосий воқеалар эса 17 ноябрда бошланди. Қандай қилиб дейсизми? Гап шундаки, шу пайтгача автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида харидорларга 1 кубометр сиқилган газ (метан) нархи 1650 сўмдан 1800 сўмгача сотилаётган эди. Бироқ 17 ноябрдан нархлар аввалгига қараганда 300-400 сўмга ошиб, кескин кўтарилиб кетди. Қизиқ томони, бунга қадар Молия вазирлиги ахбороти эълон қилинган, яъни газ қуйиш компрессор станциялари учун табиий газ нархи 800 сўм қийматида экани айтилганди.

Маълумот учун: 16 ноябрга қадар газ қуйиш компрессор станцияларига етказиб берилаётган 1 кубометр табиий газнинг нархи – 789 сўм 74 тийин эди (бунинг 289,74 тийини – табиий газнинг улгуржи сотиш нархи, 500 сўми – махсус инвестицион устама ҳақидан шакллантирилган). 2018 йил 16 ноябрдан бош­лаб нарх 1 кубометр учун 800 сўм миқдорида (ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда) ўрнатилган, яъни аввал бир кубометрга 500 сўм даражасида белгиланган махсус инвес­тицион устама бекор қилинди ва табиий газни сотиш нархига киритилди.

Англашилмоқдаки, газ қуйиш компрессор станцияларига сотилаётган газ нархи бор-йўғи 10 сўм 26 тийинга ошибди, холос. Бирламчи хулоса шундай дейдики, тадбиркорлар сиқилган газни сотишда ўзбошимчалик билан нарх белгилаяпти. Кўп ўтмай, Молия вазирлиги бу борада такроран мурожаат билан чиқди. Унга кўра, “автомобилларга газ қуйиш компрессор станциялари орқали реализация қилинаётган табиий газ нархини оширишга асос йўқ”.

Вазирлик расмий сайти: Молия вазирлиги газ-заправкалар томонидан нархнинг 17 фоизга оширилишини асоссиз деб билади. Агар нархлар 15 ноябргача бўлган ҳолатга қайтмаса, тегишли санкцияларни кўришга мажбур бўлади. Жумладан, транспорт воситалари учун бензин, дизель ёнилғиси ва газ истеъмоли учун солиқ ставкасини кўпайтириш орқали ноқонуний йўл билан олинаётган даромадларни олиб қўйиш таклифи билан чиқишга ёки бошқа фискаль чораларни кўришга мажбур бўлади.

Ҳозирги пайтда Давлат рақобат қўмитаси, “Ўздавнефтгазинспекцияси” ва давлат солиқ хизмати органларига қонунчиликда белгиланган тартибда ноҳалол рақобат фактларини аниқлаш мақсадида газ-заправкаларда нархлар устидан қатъий назорат ўрнатиш бўйи­ча топшириқ берилган.

Мамлакатимиз етакчи молия муассасасининг мурожаатидан кўриниб турибдики, масала қай йўл билан бўлмасин, албатта ечимини топади. Шундай қилинмаса бўлмас. Чунки сиқилган газ нархининг ошиб кетиши нағмаси ортидан “алоқалар занжири” юзага келмоқдаки, алалоқибатда азиятни халқ чекяпти.

Шу ўринда азиятнинг нечоғлик даражада эканини билиш, ҳам тадбиркорлар, ҳам истеъмолчиларга бирдек минбар бериш мақсадида ҳудудларга юзлансак. Мулоҳазаларимизни эса ундан сўнг давом эттирамиз.

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ: йўлкира қимматлади, чунки…

Йўловчи ташиш хизмати арзон ва сифатлилиги бўйича Навоий шаҳри республикамизда олдинги ўринларда туради. Узоқ йиллардан бери шаҳар ичида йўлкира ҳақи 1000 сўм эди. Бошқа вилоятлардан келган меҳмонлар бунга ҳавас қиларди. 2018 октябрь ойидан бошлаб йўлкира ҳақи 1,5 минг сўм, ноябрдан 2000 сўм, эски шаҳар – Карманага эса 3000 сўм этиб белгиланди. Бу ҳолат кўплаб йўловчиларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда.

– Совуқ тушиши билан йўлкиранинг қимматлашгани кўпчиликка ноқулайлик туғдирмоқда, – дейди навоийлик фуқаро Зебо Қутлиева. – 2-3 километрга борсангиз ҳам, 2 000 сўм сарфлаш керак. Шаҳар жойда ойлик маош­га яшайдиганлар учун бу нарх анча қимматлик қилади.

Вилоят марказидан туманларга қатнайдиган таксиларнинг нархи эса бундан ҳам қимматлашди. Айниқса, Навоий­–Тошработ йўналиши бўйича нарх-наво шу пайтгача 6 000 сўм эди. Энди эса 10 000 сўм бўлди.

– Ўзим Навоий шаҳрида яшаб, Қизилтепа тумани Тошработ қўрғонидаги мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман, – дейди исмини ошкор этишни истамаган фуқаро. – Ҳар куни ишга қатнайман. Йўлкиранинг кескин қимматлашгани оиламиз иқтисодига салбий таъсир кўрсатяпти. Шу масалада “Ўздарётранс”нинг вилоят филиалига мурожаат қилдик. Лекин бир ойдан ортиқ давр ўтса ҳам, ҳеч қандай жавоб бўлмади…

Ҳа, бугунги бозор иқтисодиёти шароитида бозордаги оддий пиёз ёки карамнинг нархи ҳам ана шу ёқилғига боғлиқ. Чунки деҳқон ҳам, олибсотар ҳам бозорга маҳсулотини техника ёрдамида олиб келади. Табиийки, йўлкира қиммат бўлгандан кейин таннарх ўз-ўзидан кўтарилади.

– Йўлкира қанча арзон бўлса, мижоз ҳам шунча кўпаяди, – дейди ҳайдовчи Ш. Шаропов. – Бу эса кўпроқ даромад қилиш имкониятини яратади. Лекин ёқилғи, эҳтиёт қисмлар, хусусан, метан газ нархининг қимматлагани ўз-ўзидан йўлкира ҳақининг кўтарилишига сабаб бўлди. Мисол учун, шу пайтга қадар 1 кубометр газнинг нархи 1650 сўмдан 1800 сўмгача эди. Ҳозир ҳамма жойда бир хил нарх – 2200 сўм. 10 ёки 20 кубометр газ қуйилганда орадаги фарқ катта сумма эканини билиш қийин эмас. Шунинг учун йўлкира нархини оширмасак, фақат сотиб олинган газ учун ишлашга тўғри келади. Ҳамма ҳам ҳалол меҳнати ортидан рўзғорига бирор нарса олиб боришни хоҳлайди. Йўловчилар ҳам буни тушуниши керак-да…

Хўш, метан газ қуйиш шохобчаларида нарх-наво нега бирданига 300-400 сўмга қимматлашди. Бунинг жиддий сабаби борми?

– Метан газ шохобчаларида аҳолига сотиладиган газнинг нарх-навосини назорат қилиш бизнинг ваколатимизга кирмайди, – дейди “Ўзтрансгаз” АЖ “Навоий газ” филиали бўлим бошлиғи Жамшид Санақулов.

– “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларига ойлик лимит жорий қилинган, – дейди Навоий шаҳридаги “Нурота замини” МЧЖ раҳбари Луқмон Атоев. – Ана шу лимитдан ортиқча олган газ учун эса 2018 йил 16 ноябрдан бошлаб 1600 сўмдан тўлаш белгиланган. Бу эса ўз-ўзидан метан газнинг нархи қимматлашувига сабаб бўляпти. Масалан, ноябрь ойида бизга 360 минг кубометр лимит берилган. Уни узоғи 15 кунда ишлатиб бўлдик. Сабаби, шаҳардаги 3 та АГҚШ ишламаяпти. Энди уларга ажратилган лимитни бизга беришсагина, даромад қилишимиз мумкин. Ана шундан келиб чиққан ҳолда нарх-навони белгилаганмиз. Ўзи, лимит нимага керак?! Табиий газ четдан валютага сотиб олинмайди-ку! Агар АГҚШнинг буюртмасига асосан газ берилса, юқоридаги каби муаммо бўлмайди. Лимитда ажратилган газни сотиб бўлганимиздан кейин ишламасак, қанчадан-қанча муаммо келиб чиқади. Наҳотки, мутасаддилар буни тушунмайди? Аслини олганда, лимит тақчил бўлган маҳсулотларга жорий қилинади. “Ўзтрансгаз” эса лимитни белгилаб, ортиқчасига 2 баравар қиммат нарх қўйиб, хоҳлаганча сотишга рухсат беряпти-ку? Ана шу лимит орқали “Ўзтрансгаз” АЖ тадбиркорларга сунъий тўсиқ яратмаяптими? Шу ўринда яна бир гап. Биз ҳам юридик шахс. Нега “Ўзтрансгаз” АЖ шартномани хоҳлаган пайти бузади. Аслида, шартнома бир йиллик қилиб тузилмайдими? Битта топшириқ хат билан хоҳлаган маблағни хоҳлаган пайти олади. Масалан, август ойида махсус инвес­тиция устама ҳақи учун 10 кун ичида олдиндан 229 500 000 сўм тўладик. Шу муддатда тўламасанг, газни узиб қўямиз, дейишгандан кейин нима ҳам қилардик. Яна шундай бирор тўловни олдиндан тўлайсан, бўлмаса газни узиб қўяман, деган мазмундаги топшириқ келмайди, деб ким кафолат бера олади? Ана шунинг учун ушбу соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳамда “Ўзтрансгаз” АЖнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунда белгиланган тартибда олиб борилиши тарафдориман.

– Шартнома бўйича олинадиган газнинг суммасини олдиндан тўлаймиз, – дейди Конимех туманида фаолият юритувчи “Кармана газ сервис” МЧЖ раҳбари Юсуф Муродов. – Шундай бўлса-да, “Ўзтрансгаз” АЖ мутасаддилари лимитни биз берган буюртма асосида эмас, ўзлари хоҳлаганча белгилайди. Мисол учун, мен ноябрь ойи учун 750 минг кубометр газ олишга буюртма қилдим. Лекин улар 400 минг кубометр лимит ажратишди. Мижозларга лимитдан ортиқча сотилган газга 2 баравар қиммат тўлашимизни инобатга олиб, 1 кубометр газнинг нархини 2200 сўм қилиб белгилаганмиз. Агар шу лимит биз берган буюртмага асосан белгиланса, нарх ҳеч қачон ўзгармасди.

Кўриб турганингиздек, метан газнинг қимматлашганидан аҳоли ҳам, шу соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳам фойда кўраётгани йўқ. Унда ким ҳузурини кўряпти? Бу саволга “Ўзтрансгаз” АЖ мутасаддилари жавоб берар, балки?!

СУРХОНДАРЁ: йўловчиларнинг айби нима?

Воҳада ҳам газ нархи сезиларли ошган. Шу йилнинг 16 ноябридан бошлаб Термиз шаҳри ва туманларда пропан ва метан, бензин нархи юқорилаган. Термиз шаҳрида сиқилган газ нархи 1600 сўм эди, ҳозир эса 2000-2100 сўмга сотиляпти. Туманларда эса, жумладан, Денов ва Музработда 2000-2200 сўмгача сотувга чиқарилмоқда. Жумладан, Денов туманидаги “Мунис Сурхон мухлиси” МЧЖга қарашли ёқилғи қуйиш шохобчасида сиқилган газ нархи 2200 сўм қилиб баҳоланган.

Термиз шаҳридаги “Сурхон Ангор сервис техника” МЧЖга қарашли ёқилғи қуйиш шохобчасида эса метан газ 2000 сўм, пропан газ 3600 сўмдан сотилмоқда. Музработ туманидаги ёқилғи қуйиш шохобчаси масъулининг айтишига кўра, нархни кўтарилишига ҳукумат томонидан чиқарилган соҳага оид қарор сабаб бўлган.

Нархнинг ортиши оқибатида йўлкира нархи сезиларли ошган. Йўловчи Адҳам Абдулқаю­мовнинг айтишича, “Лимонзор – Термиз шаҳри” йўналишидаги автобуслар авваллари 1000 сўмдан қатнаган бўлса, бугун нархини 2000 сўмга кўтарган. Аҳоли бундан норози бўлмоқда.

САМАРҚАНД: “Атиги 50 сўм қўшдик”

Сиқилган газ қуйиш шохобчаларидан бири – “Камалак” МЧЖда 1 кубометр газ нархи 1950 сўм.

– Нарх ошишидан олдин 1 900 сўм бўлган бўлса, энди эллик сўм қўшдик, – дейди “Камалак” МЧЖ вакили Холмўмин Қодирқулов. – Оширишимизга сабаб бўлган омиллардан бири электр энергияси ва сув баҳосининг кўтарилганидир. Чунки айнан шу ресурслар фаолиятимиз учун энг зарур ҳисобланади. Айтайлик, олиб келинган газга термик ишлов беришда ҳам, кун давомида автомобилларга газ қўйиш учун ҳам электр энергиясидан фойдаланамиз.

– Автомашинамга кўпинча мазкур шохобчадан газ қуйдираман, – дейди йўловчи такси ҳайдовчиси Бекзод Суяров. – Сабаби, яқин атрофдаги бошқа шохобчаларнинг 80 фоизида газнинг 1 кубометри 2000 сўмдан. Энг ёмони, метан газ нархининг бундай ошиб кетиши оқибатида биз йўлкирани оширишга мажбур бўляпмиз, одамлар эса бунга кескин эътироз билдиришмоқда. Нарх кўтарилмасдан бурун газ баллонни тўлиқ тўлдиришга 35 минг сўм харажат қилган бўлсак, энди 40 минг сўм сарфлашга тўғри келяпти.

Сезиб турибсизки, бошқа ҳудудларда ҳам айни шунга ўхшаш манзара зоҳир.

***

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 20 ­ноябрь куни нефть-газ саноатидаги ишлар ҳолатини муҳокама қилиш ва соҳани янада ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Йиғилишда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқарув тизими мураккаб ва кўп поғонали бўлгани боис соҳада ислоҳотлар амалга оширилиши суст кечаётгани танқид қилинди. Бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг ташкилий тузилмасини оптималлаштириш, тармоққа оид бўлмаган ташкилотларни тизимдан чиқариш бўйича кўрсатмалар берилди. Хусусан, функциялари бир-бирини такрорлайдиган бошқарув бўғинларини қисқартириш, тармоқдаги сервис корхоналари ҳамда ёрдамчи ишлаб чиқариш­ларни давлат-хусусий шериклик асосида инвесторларга бериш кераклиги таъкид­ланди.

Дарҳақиқат соҳага оид муаммолар комп­лекс ҳал этилмас экан, қуйи тизимларда муаммолар учрайверади, оқибатда эса барча оғирлик, бошда айтганимиздек, оддий одамлар зиммасига тушади. Шундай вазиятда ҳам халқимизни бугунги ҳаётидан рози қилиш ҳақида гапириб бўладими?!

Аслиддин АЛМАРДАНОВ,

Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ,

Сарвар ТЎРАЕВ,

Муҳаббат РАВШАНОВА,

“XXI asr” мухбирлари

Изоҳ билдириш