49266

«Малика»да олиб қўйилган телефонлар қайтариладими?

Иқтисод 20 ноябрь 8:34 772

Давлат Солиқ қўмитасининг хабарида айтилишига кўра, Малика савдо мажмуасидаги ўтказилган текширувда 205та дўкондан 13 тасида тадбиркорлик гувоҳномаси бўлмаган шахслар савдо билан шуғулланаётганлиги аниқланган, деб хабар қилмоқда “Халқ сўзи” нашри.

Хабарда айтилишига кўра, тадбиркорлик қилиш ҳуқуқи бўлмаган шахсларга тегишли бўлган, ҳеч қандай ҳужжат ва сифат сертификатисиз, умумий қиймати қарийб 308 млн. сўмлик маиший техника воситалари, уяли алоқа телефонлари ва аксессуарлар масала қонуний ҳал бўлгунига қадар – вақтинчалик олиб қўйилган.

“Ушбу ҳуқуқбузарлар камчиликларни бартараф этса, яъни 1 ойлик муддат давомида ўз фаолиятини қонуний асосда йўлга қўйса, улар учун ҳеч қандай жарималар қўлланилмаган ҳолда, олиб қўйилган товарлари қайтариб берилиши суд орқали ҳал этилади. Бу борада тегишли ишлар бошлаб юборилган”, – дейилган хабарда.

Товарларни вақтинча олиб қўйиш юзасидан барча барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилган. Жумладан, товарни олиш далолатномаси (унда аниқ рўйхат келтирилган), унинг нусхаси ҳуқуқбузарга тақдим этилган.

Савдодан олинган товарлар сақлаш учун махсус дўконларга топширилиб, уларнинг бутлигини таъминлаш бўйича аниқ масъул шахсларга жавобгарлик юклатилди.

Давлат солиқ қўмитаси ўз фаолиятини қонун доирасида олиб бораётган ва солиқларни ўз вақтида тўлаб келаётган тадбиркорларга ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслигини, фаолияти ортиқча текширилмаслигини яна бир бор эслатиб ўтади.

 

Изоҳ билдириш