35600

Фарғонада 2,1 миллиард сўмлик кредит қаёққа ғойиб бўлди?

Иқтисод 9 апрель 12:33 212
Фото: «Adolat.uz»

Маълумки, мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири саналган аграр соҳадаги ислоҳотларнинг изчиллик билан амалга оширилишида прокуратура органларининг муносиб ўрни бор. Шу боис Фарғона вилоят прокуратураси органлари томонидан ҳам бу борадаги қонун ҳамда қонуности ҳужжатлари ижросини таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.

“Оддий аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш” лойиҳаси доирасида минглаб юртдошларимизга ихчам иссиқхоналар ташкил қилиш, паррандачилик ва чорвачиликни йўлга қўйишлари учун имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Бу ҳам бўлса фаровон турмуш тарзини яратишга қаратилгандир.

«Адолат» социал-демократик партияси малум қилишича, Бувайда туманида ўтказилган мониторинг жараёнида тижорат банклари томонидан 259 та иссиқхона қурилиши, 11.806 бош парранда ва лимон кўчатлари сотиб олиниши учун ажратилган жами 2 миллиард 171 миллион сўмлик кредит маблағлари ўз эгаларига етиб бормагани ёки бошқа асосларга кўра жойида мавжуд эмаслиги аниқланди. Шу боис Фарғона вилоят прокуратураси томонидан ТИФ “Миллий банк”, АТ Халқ банки ва “Агробанк”нинг туман филиаллари ҳамда тумандаги агрофирмалар мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси, 2-қисми, “а” банди ва 167-моддаси, 3-қисми, “а” банди билан жиноят ишлари қўзғатилди. Айни пайтда эса тергов ҳаракатлари якунланиб, жиноят ишлари айблов хулосаси билан бирга судга оширилди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Албатта, мазкур жиноят ишлари бўйича суд томонидан ноқонуний ҳолатга йўл қўйган шахсларнинг қилмишларига яраша ҳуқуқий баҳо берилади ёки қонуний жазо тайинланади.

Бироқ тилга олинган банкларнинг вилоят филиаллари ёки Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Фарғона вилоят бош бошқармаси томонидан жойларда кредитларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан тўлақонли мониторинг олиб борилганида эди, юқоридаги каби нохуш ҳолатларга йўл қўйилмасди.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 9 декабрь куни Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек: “Жойларда қатъий назорат йўқлиги оқибатида суғориладиган ерларни фермерлар ва бошқа мутасадди раҳбарлар томонидан сотиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва талон-тарож қилиш ҳолатлари, афсуски, давом этмоқда …Ўзингизга маълум, ҳар қарич ер — давлатнинг, демакки, халқимизнинг бебаҳо бойлиги ҳисобланади. Ундан ноқонуний, ўзбошимчалик билан фойдаланишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”.

Юртбошимизнинг бу фикрлари прокуратура ходимларини янада масъулият билан ишлашга ундади. Шу маънода айтганда, вилоят прокуратураси органлари томонидан ерлардан оқилона фойдаланиш, ер ажратишда суиистеъмолчилик ва таниш-билишчиликка йўл қўймаслик борасида ҳам доимий назорат олиб борилмоқда. 2017 йилда 51 та ҳолатда 45,4 гектар ер майдонидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Масалан, Данғара туман ҳокимлиги, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими мансабдор шахслари туман ҳокимининг 2002 йил 1 июндаги 434/6-сонли қароридан кўчирмаларни қалбакилаштириб, 1319-сонли контурдаги 0,30 гектар ер майдонини қонунга хилоф равишда Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаролар М.Расулов, М.Содиқова, Э.Худойбердиев, П.Мелибоевларга ажратиб беришган. Шу билан бирга, фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларни фойдаланишга қабул қилиш ва эгалик ҳуқуқини бериш ҳақида туман ҳокимининг 2014 йил 26 февралдаги 128-сонли ҳамда 2016 йил 1 июлдаги 578 ва 581-сонли қарорлари қабул қилинишига эришишган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми, “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Албатта, бундай мисолларни яна келтириш мумкин. Аммо гап фақат қўзғатилган жиноят ишлари ёки кимларнингдир жавобгарликка тортилганида эмас, балки ҳар бир шахснинг амалдаги қонун ҳужжатларига оғишмай риоя қилиши, ҳар қандай ғайриқонуний ҳаракат учун жазо муқаррарлигини теран англаб етишига, шу орқали қонун устуворлигига эришишдадир. Бинобарин, вилоят прокуратураси органлари томонидан тизимдаги ислоҳотлар, ижобий ўзгариш ва янгиликлар ҳамда соҳага оид қонунлар мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш борасида вилоятимиздаги тижорат банклари, муқобил машина-трактор парклари, деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда бошқа дахлдор ташкилотлар вакиллари иштирокида мунтазам равишда давра суҳбатлари, сайёр қабул ва мулоқотлар ташкил этилмоқда. Зеро, тизимда рўй бераётган янгиликлардан ўз вақтида хабардор бўлиш ер эгаларини изланиш ва имкониятлар сари етаклайди.

Изоҳ билдириш