42277

Давлат қимматли қоғозлари чиқарилиши тартибга солинади

Иқтисод 19 июнь 11:25 249

ҚҲТБТ порталида Ўзбекистон Республикаси давлат қимматли қоғозлари чиқарилишларини жойлаштириш, муомалада бўлиши ва тўловининг амалга оширилиши тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди. Ҳужжат Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Давлат қимматли қоғозлари (кейинги ўринларда – ДҚҚ) – Молия вазирлиги томонидан чиқарилган давлат ғазна мажбуриятлари ва давлат ғазна облигациялари.

Ҳужжатда ДҚҚ қисқа муддатли (бир йилгача муддатга), ўртача муддатли (беш йилгача муддатга) ва узоқ муддатли (беш йил ва ундан ортиқ муддатга) этиб чиқарилиши ҳамда тижорат банклари ва юридик шахслар – Ўзбекистон Республикаси резидентлари орасида жойлаштирилиши назарда тутилади.

ДҚҚнинг номинал қиймати – 1000 (бир минг) сўм.

Низомда қуйидаги нормалар назарда тутилади:

чиқарилиши ва жойлаштирилиши тартиби;
ДҚҚнинг иккиламчи бозорда муомалада бўлиш тартиби;
ДҚҚга доир битимлар бўйича пул ўтказмалари ва ҳисоб-китоблар тартиби;
фоизли даромадларни тўлаш тартиби;
ДҚҚни сақлаш ва уларга бўлган ҳуқуқни ҳисобга олиш тартиби;
ДҚҚ тўловининг амалга оширилиши тартиби;
Марказий банкнинг ДҚҚ бозоридаги ваколатлари;
ДҚҚ бозоридаги ахборотларни ошкор қилиш;
низоларни кўриб чиқиш тартиби.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Изоҳ билдириш