38205

Бюджет ташкилотлари иш ҳақига нақд пул олиш муддатларини банк билан келишадилар

Иқтисод 8 май 10:19 1 327

Марказий банк Бошқарувининг қарори билан Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқноманинг янги таҳрири тасдиқланди. Бу ҳақида Norma хабар берди.

Ҳужжатнинг олдинги таҳриридан (ўз кучини йўқотди) асосий фарқларини кўриб чиқамиз.

Биринчидан, хўжалик юритувчи субъектларга кассадаги нақд пул қолдиқларига лимитларни ўрнатиш ва тушумни банкка топшириш муддатларини белгилаш учун ҳисоб-китобларнинг улар томонидан лойиҳалаштириладиган янги шакли жорий этилди.

Маълумот учун: хўжалик юритувчи субъектлар ўз кассаларида кассадаги нақд пул қолдиқларига лимитлар доирасида нақд пулларга эга бўлишлари мумкин, улар нақд пул қолдиқларига лимитлардан ортиқча қисмини банкка топширишлари шарт.

Илгари хизмат кўрсатувчи банкка буюртма-ҳисоб-китоб тақдим этилган бўлса, энди «ҳисоб-китоб маълумотномаси» топширилади:

маълумотнома барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ягона ҳисобланади, у савдо ва бошқа соҳалардагилар учун алоҳида бўлмайди;
бошқалар қаторида аванс, иш ҳақи ва бошқа харажатлар учун нақд пулларни бериш учун режалаштирилган саналар кўрсатилади;
маълумотнома ҳар йили январь ойида (илгари I чоракда топширилар эди), янги ҳисобрақам очадиган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан эса – кейинги ойдан кечикмай тақдим этилиши лозим.

Иккинчидан, бюджет ташкилотларига аванс ва иш ҳақи тўлаш, шунингдек ҳарбий хизматчиларга пул таъминотини тўлаш учун нақд пулларни беришнинг аниқ муддатлари чиқариб ташланди. Нақд пуллар хўжалик юритувчи субъектларнинг жамоа шартномалари, ички локал ҳужжатларида назарда тутилган, банк билан келишилган муддатларда тўланади.

Эслатиб ўтамиз, илгари банклар учун, агар жамоа шартномаларида ёки бошқа локал ҳужжатларда бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, бюджет ташкилотларига меҳнатга ҳақ тўлашга пулларни беришнинг қуйидаги мажбурий муддатлари белгиланган эди:

ойнинг биринчи ярми учун – жорий ойнинг 16-санасидан 20-санасигача,
ойнинг иккинчи ярми учун – кейинги ойнинг 1-санасидан 5-санасигача.

Учинчидан, тушумларни бир неча кунда бир марта топшириш ҳуқуқига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар учун кассадаги нақд пул қолдиқларига лимитлар бир кунлик ўртача тушум суммаси ва уни банкка топшириш муддатини инобатга олган ҳолда белгиланади. Илгари лимит миқдори белгиланган топшириш муддатлари ва тушум суммасига боғлиқ эди.

Тўртинчидан, банклар томонидан касса айланмаларининг чораклик прогнозини тузиш учун асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига эга бўлган юридик шахслар томонидан чораклик касса буюртмаларини бериш тартиби бекор қилинди.

Бешинчидан, банклар томонидан тўлдириладиган қуйидаги шакллар чиқариб ташланди:

доимий нақд пул тушумига эга бўлган юридик шахслар рўйхати;
нақдсиз ҳисоб-китоб бўйича товарлар реализацияси суммасини ҳисобга олиш реестри;
операция кассасини нақд пуллар билан таъминлаш ҳисоб-китоби;
касса айланмаларининг прогноз ҳисоб-китоблари жамланма қайдномаси.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2.05.2018 йилдан кучга кирди.

Изоҳ билдириш