10115

Қандимдаги газни қайта ишлаш заводининг биринчи қисми декабрда фойдаланишга топширилади

Иқтисод 16 июнь 13:51 342

Қандим конлар гуруҳида газни қайта ишлаш заводининг биринчи навбати қурилиши декабрь ойида якунига етади. Бу ҳақда чоршанба куни Халқаро пресс-клуб йиғилишида «Ўзбекнефтгаз» холдинги таркибига кирувчи «Нефтгазинвест» компанияси директори Баҳодир Сиддиқов хабар қилди.

«Мазкур лойиҳа бўйича россиялик ҳамкорлар („ЛУКОЙЛ“ компанияси — таҳ.) билан лойиҳани амалга оширишни тезлаштириш қарори қабул қилинди. Даставвал 2018 йилнинг июнига режалаштирилган биринчи босқич 2017 йил декабрида якунига етади», — деди компания раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир объектга лойиҳада кўзда тутилган 93 фоиз ускуналар етказилган. ГҚИЗ қурилишида 8000 киши банд бўлиб, уларнинг 90 фоизи маҳаллий мутахассислардир.

2015 йил февралида «ЛУКОЙЛ» ва Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering компанияси бошчилигидаги пудратчилар консорциуми Қандим ГҚИЗ қурилиши ва уни ускуналар билан таъминлаш бўйича 2,66 млрд долларлик шартномани имзолаган эди.

Эслатиб ўтамиз ушбу лойиханинг қурилиш ишлари 2016 йилнинг апрел ойида бошланган эди. Маълумотларга кўра ушбу мажмуанинг ишлаб чиқариш қуввати 8,1 млрд куб метр газни ташкил қилади. Мазкур лойиҳанинг биринчи навбатига киритилувчи сармояларнинг умумий ҳажми 3,3 млрд долларни ташкил этади.

 
Изоҳ билдириш