45249

Венесуэла миллий валютасини криптовалютага боғлади

Дунё Бугун 16:08 0

Венесуэла ўз миллий валютасини деноминация қилиб унинг курсини Petro номли криптовалютага боғлаб қўяди.

“Миллий пул-кредит тизими ислоҳоти 20 августа бошланади. Янги суверен валюта муомалага киритилади. У Petro криптовалютасига боғланган бўлади”, – деди Венесуэла президенти Мадуро маҳаллий телеканал орқали.

Мадуро айтишига қараганда, миллий валютанинг криптовалютага боғланиши мамлакатдаги “молиявий вазиятни кескин ўзгартиради”.

Эслатиб ўтамиз, Венесуэлада охирги 2-3 йил давомида иқтисодий кризис ва гиперинфляция кузатимоқда. Бироз олдин Халқаро валюта фонди йил охирига қадар ушбу мамлакатда 1 000 000 % инфляция юз беришини хабар қилган эди.

Petro – Венесуэланинг миллий криптовалютаси бўлиб, у 2018 йилнинг 20 февралида пайдо бўлди. 1 Petro қиймати Венесуэла нефтининг 1 баррелига тенглаштирилган. Миллий валюта Венесуэланинг табиий бойликлари – нефть, олтин ва олмослар билан таъминланган.

Криптовалюта, олтин каби, чекланган миқдорда чиқарилиши мумкин. Қоғоз пулдан фарқли ўлароқ, ҳеч ким криптовалютани ўз хоҳишига қараб, чексиз миқдорда босиб чиқара олмайди.

Венесуэла раҳбарияти криптовалютанинг айнан шу хусусияти туфайли ўз миллий валютасини Petroга боғлашга қарор қилган. Назариётда бу мамлакатни гиперинфляция ва иқтисодий касоддан сақлаб қолиши мумкин, лекин аслида қандай бўлиши 20 августдан кейин маълум бўлади.

Изоҳ билдириш