1054

Туркия Ички ишлар вазири: Eропага хар ой 15минг қочқинлар жўнатиши мумкинлигини айтди

Дунё 18 март 12:10 318

«Sozcu» нашрининг маълумот беришича, Туркия Ички ишлар вазири Сулейман Сойлу Анқара ва Амстердам ўртасидаги зиддият давом этаверадиган бўлса, турк ҳукумати Европага 15 минг қочқин жўнатишга тайёрлигини айтди.

“Нидерландия, Германия тушунмаяптими? Биз у ерларда референдум ўтказяпмизми, уларнинг Конституцияси ўзгаряптими? Бу бизнинг ички масаламиз. Туркияни Европа Иттифоқига қабул қилдингизми? Террорга қарши курашда ёрдам бердингизми? Истасангиз, ҳар ой сизларга жўнатилмаган қочқинлардан 15 мингини жўнатамиз, нима қилишни билмай қоласизлар”, – деди Сойлу.

Аввалроқ Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу ҳам Европани қочқинлар билан тўлдириш ҳақида пўписа қилган эди.

2016 йилнинг мартида Европа Иттифоқи ва Туркия ўртасида келишув имзоланган эди. Унга кўра, 6 миллиард евролик молиявий ёрдам ва визасиз тартиб эвазига Туркия Европа Иттифоқи қайтарган қочқинларни қабул қилишга рози бўлган.

Сўнгги вақтда Туркия ва Нидерландия алоқалари таранг бўлиб турибди. Бунга Нидерландия ҳукуматининг икки турк вазирининг ташрифини тақиқлагани сабаб бўлди. Туркиялик вазирлар Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича референдум муносабати билан Нидерландиядаги турклар билан учрашмоқчи эди. Уларнинг ташрифи хавфсизлик важидан тақиқлангани билдирилди.

Аммо тақиқлар ва Нидерландияга намойишга чиққан туркларга полициянинг қўпол муносабати Анқарага оғир ботди. Натижада Туркия Нидерландия билан дипломатик алоқаларини тўхтатиб қўйди.

Изоҳ билдириш