34136

«Скрипаль иши»: Россия ТИВ қарши чоралар кўришга ваъда берди

Дунё 15 март 12:25 352

Британия бош вазири Тереза Мэй куни кеча «Скрипаль иши» бўйича Парламентда ўтказган мажлисида Россиянинг 23 нафар дипломатини мамлакатдан чиқариб юбориш қарорини эълон қилган эди.

Мэй, шунингдек, Британия раҳбарияти Россия билан юқори даражадаги барча алоқаларни тўхтатишини, Британия мансабдор шахслари ва қирол оиласи вакиллари Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон Чемпионатига ташриф буюрмасликларини айтиб ўтди.

Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова кечанинг ўзида Москва Британия Бош вазири Тереза Мэйнинг баёнотига жавобан, Буюк Британияга нисбатан, у қўллаган чораларга ўхшаш жавоб чораларини тайёрлайди, дея маълум қилди.

Захаровага кўра, жавоб чоралари айни вақтда ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, Россия давлат Думаси депутати Антон Морозов Британиянинг Россияга нисбатан чуқур ўйлаб кўрилмаган, шошмашошарлик билан қабул қилинган ушбу қароридан афсусда эканини билдирган эди.

«23 нафар дипломатни мамлакатдан чиқариб юбориш – бу жуда жиддий чора. Унинг оқибатида икки мамлакат муносабатлари даражаси жуда пастга тушиб кетади. Бизнинг дипломатлар мамлакатлар орасида умумий нуқталар топишга, муносабатларни яқинлаштиришга ҳаракат қилишаётган эди. Албатта, бу жуда қайғули.

Маълумки, дипломатия соҳасида ҳар бир чорага тенг жавоб бериш принципи амал қилади. Унга кўра яқин орада Россия ТИВи ҳам ана шундай жавоб чораларини кўришга мажбур бўлади. Биз Давлат Думасида Британия ана шундай шошма-шошар, чуқур ўйланмаган қадам қўйганидан жуда афсусдамиз», — деди Морозов.

Сал олдин Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Россия томон Разведка бош бошқармаси собиқ ходими Сергей Скрипаль ҳодисаси бўйича текширув ишларини ўтказишга тайёрлигини айтиб, Буюк Британияни мамлакат тергов қўмитаси томонидан тилга олинаётган заҳарли моддадан намуналар тақдим этишга чақирган эди.

Бунга жавобан Буюк Британия Сергей Скрипальнинг заҳарланиши ҳолати юзасидан Россияга заҳарли модданинг намуналарини тақдим этишга мажбур эмаслигини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, душанба куни Британия бош вазири Тереза Мэй Лондонда собиқ шпион Скрипал ва унинг қизини «Новичок» номли жанговар газ билан заҳарлашда Россияни айбдор деб эълон қилган ва сешанба куни кечгача ушбу вазият юзасидан жавоб беришни талаб қилган эди.

Россия ТИВ ўз навбатида ушбу айбловлар учун ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлаб, халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, Британия даставвал далиллар келтириши кераклигини айтган эди.

Ундан ташқари, Россия ТИВ Кимёвий Қурол тарқатмаслик Конвенцияси шартларига мувофиқ, айбловчи томон гумон қилинувчи томонга ушбу заҳарли модданинг намунасини тақдим этиши кераклигини ва тергов-қидирув материаллари билан тўлиқ таништириши кераклигини эсга солган эди.

Собиқ Бош Разведка бошқармаси (ГРУ) ходими, Сергей Скрипаль сотқинликда айбланиб қамоққа олинган. 2010 йилда қўлга олинган шпионлар билан ўзаро алмашув доирасида Скрипал ҳам қамоқдан озод қилинган ва Британияда бошпана топган эди.

«Новичок» номли заҳарли газ Совет иттифоқида 1990 йилларда ишлаб чиқарилган. У дунёда энг кучли кимёвий қуролардан бири ҳисобланади. У билан заҳарланган киши вафот этиши ёки бир умрга ногирон бўлиб қолиши муқаррар. «Новичок» газининг 2 грами 500 кишини ўлдириши мумкин. Айни дамда, халқаро шартномаларга мувофиқ, Россия ўз ҳудудида ушбу газнинг барча заҳираларини йўқ қилган.

Изоҳ билдириш