51081

Президентлик пойгаси. АҚШда катта жанг бошланди

Дунё Бугун 9:27 1

АҚШда президентлик сайловларига ҳали икки йил муддат бор, аммо сайлов кампаниясининг дастлабки босқичи аллақачон бошланиб кетди.

Миннесота штатидан қонун чиқарувчи, сенатор Эми Клобушар 2020 йилдаги президентлик сайловларида иштирок этиш ва ғалаба қозониш истагида ёнмоқда. У демократлар сафида фаоллардан бири бўлиб, давлат етакчиси бўлишга интилаётган аёл номзодлиги билан ҳам алоҳида ажралиб туради.

Эми Клобушар Миннесота штатидан АҚШ Сенатига сайланган биринчи нозик жинс вакиласи ҳамдир. У Клинтон хоним эриша олмаган ва америкалик хотин-қизларнинг асрий армони бўлиб қолаётган Оқ уй хўжайини бўлиш ниятида ғайрат қилмоқда.

Фото: «People»

Эми Клобушар 1960 йил 25 майда Плимутда туғилган, Йел ва Чикаго университетларини ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича тамомлаган. 58-ёшли собиқ прокурор ва корпоратив ҳуқуқ соҳасида адвокат бўлиб ишлаган. Жумладан, 1998 йилда штатда аҳолиси энг кўп Хеннепин округи прокурори этиб сайланган ва 2002 йилда бу лавозимни қайта эгаллаган. Бу вақтда Миннесота адвокатлар ассоциацияси президенти ҳам бўлган эди.

Сенатга ўтган сайловларда 2006 йили 58 фоиз, 2012 йили 65 фоиз овоз тўплаб, яққол ғалаба қозонган. Эътиборли томони, у ўтган йили ноябрда 60 фоиз овоз жамғарди. Ваҳоланки, сайлов кампанияси чоғида рақибларидан камроқ, яъни атиги 7,4 миллион доллар маблағ жамғарган эди, холос. Бу самарали технологияни президентлик сайловлари чоғида ҳам қўллаш ниятида.

Эми Клобушар президент Д.Трампнинг фермерларга қўллаётган савдо тарифлари салбий оқибатларга олиб келишини таъкидлаб, кескин танқид қилади. Оналар ва болалар учун соғлиқни сақлаш тизимидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, дори-дармонлар нархларини тушириш тарафдори бўлиб келмоқда.

Клобушар қонунчилик соҳасида монополияга қарши назорат, сайловчилар хавфсизлигини таъминлаш, қурол-яроқ савдоси устидан қатъий назорат, жиноий қонунчиликни ислоҳ қилиш бўйича кўплаб фойдали ҳужжатлар қабул қилишда қатнашди.

Айнан у Трампнинг Россия билан алоқасига оид масалани Сенатда кўтарди ва бу муносабатларни чуқур ўрганиш ва тергов қилиш учун комиссия тузишни талаб қилди.

2016 йил декабрда таниқли сенаторлар Жон Маккейн ва Линдси Грэм билан Болиқбўйи мамлакатлари ва Украинага борди. Литва ва Эстониядаги сайловларда Россиянинг таъсири бўлгани ҳақида баёнотлар берди.

2016 йилдаги президентлик сайловларида Россия «Facebook» платформасидан қай тариқа фойдаланганини аниқлашга қаратилган урунишларга қаршилик кўрсатган «Facebook» компанияси раҳбариятини Сенатда сўроққа тутишни таклиф қилди.

Россияга қарши баёнотлари билан шуҳрат қозонган ва айнан шу нарса русларга қарши кайфият устун бўлиб турган ҳозирги даврда унга қўшимча сиёсий дивидендлар келтириши мумкин. Бу латофатли аёл агар АҚШга раҳбар этиб сайланса, Трампни, албатта, қамоқ жазони кутишини эслатиб ўтган.

У ўз партияси томонидан доимо қўллаб-қувватланадиган либерал сиёсатчи сифатида ўзини кўрсатди.

Эми Клобушар 2007 йил августда қулаб тушган ва 13 киши қурбон бўлган Миссисипи дарёси устидаги автомобиль кўприги қурилишини молиялаштириш бўйича муваффақиятли музокаралар олиб борди. Илм-фан ва технологияларни молиялаштиришни кўпайтириш бўйича халқаро тижорат ташаббуслари ва қонун лойиҳалари билан чиқди.

Фото: «The Answer»

«Мен президент бўлсам, кўзларингизга қараб, нимани ўйлаётган бўлсам фақат шуни гапираман. Асосий эътиборимни ишга бағишлайман. Чунки мен бутун умр меҳнат билан шуғулландим. Қалбим амрига қулоқ солиб, раҳбарлик қиламан», дея нутқ сўзлади 10 февраль куни ўз штатидаги тарафдорлари қаршисида.

Яшил ишчи жойлари ва инфратузилмасига инвестиция киритиш учун янги қонунлар яратишга ҳамда биринчи иш кунидаёқ Иқлим ўзгариши бўйича Париж келишувига қўшилишни ҳам ваъда берди. АҚШ ташқи сиёсатини Дональд Трамп каби асосан твиттерда олиб бормаслигини ҳам қистириб ўтди.

Оқ уй раҳбари Дональд Трамп шу вақтнинг ўзида «Twitter»ида унга жавоб қайтариб, Эми Клобушар нутқ билан ирод қилиш учун жуда ноқулай ҳаво ва жой танлаганини эслатиб, бу омадсизликка ишора эканини қайд этди. «Хоним худди қорга ўхшайди», деб унинг устидан кулишни ҳам унутмади.

Фото: «The Inquisitr»

Қонунчилик ҳокимиятининг олий федерал органида катта тажриба орттирган мўътадил сиёсатчи сайлов кампаниясининг биринчи босқичида асосий эътиборини Миннесота билан чегарадош Айова штатига қаратишни режалаштирмоқда. 2008 йилда Барак Обаманинг ушбу штатда ғалаба қозониши аутсайдерликдан жадал юқорилаб олишига ва Демократик партиядан расмий номзод қилиб кўрсатилишига олиб келган эди.

Ҳозирча президент бўлиш учун демократлар орасидан уч нафар шахс – Нью-Жерси штатидан Кори Букер, Калифорниядан Камал Харрис, Массачусетсдан Элизабет Уоррен ўз номзодларини илгари суришган. Бироқ демократлар фронтида ҳалича яққол фаворит йўқ. Ҳиллари Клинтон ўтган сафар Трампдан аламли мағлубиятга учрагач, яна бир бор сиёсат оламида ўз салоҳиятини синаб кўришга қарор қиладими-йўқми, ҳозирча аён эмас. Аммо бунга кўпчилик ишонмаяпти.

«Шимолий юлдузлар» штати юлдузи

Эми Клобушар ўзининг Миннесота штатида юлдуз каби порламоқда. Аммо бу штат ҳақида кўпчилик унча яхши билмайди.

АҚШ шимолидаги 225 минг квадрат километрдан каттароқ штатда 6 миллион аҳоли истиқомат қилади. У Канада билан чегарадош бўлиб, аҳолисининг 37,9 фоизи немислар, 17 фоизи норвегияликлар, 12 ирландлар, 9,5 фоизи шведлар ва 6,3 фоизи инглизлардир. Протестанлар 32 фоиз ва католиклар 28 фоизга тенг.

Атрофини Висконсин, Айова, Жанубий ва Шимолий Дакота штатлари ўраб туради. Унинг учдан бир ҳудуди ўрмон билан қопланган бўлиб, эриган музликлардан пайдо бўлган 11842 та кўллар ҳамда 6546 та дарё-ирмоқлар жойлашган.

Миннесотани АҚШнинг Аляскадан кейинги энг шимолий ўлкаси дейишади. Уни «Шимолий юлдузлар» штати, «10 минг кўллар ери», «Нон ва ёғ штати», «Буғдой штати» ҳам деб аташ урф бўлган.

Ҳаво ҳарорати қишда баъзан -51 даража совуққа тушса, ёзда +46 даражагача иссиққа кўтарилади. Шу сабабли уни «миллат музлаткичи», деб ҳам дейишади. 72 та давлат парки ва дам олиш зонаси, 16 минг квадрат километр ўрмонлар бор.

Миннесота 87 та округдан иборат саноат штати бўлиб, ялпи ички маҳсулоти 350 миллиард долларга тенг. Энг минимал иш ҳақи соатига 9 доллар ва бу кўрсаткич бўйича нафақат АҚШнинг Ўрта Ғарбида, балки мамлакат миқёсида ҳам энг олдинги ўринда туради. Бу ерда «3M» (аввалги Minnesota Mining and Manufacturing Company) каби гигант корпорациялар қароргоҳи жойлашган. «Месаби» ҳудуди эса АҚШ қазиб олаётган темир рудасининг ярмини беради.

Қонун чиқарувчи органи икки палатадан – Сенат (67 аъзо) ва Вакиллар палатасидан (134 парламентарий) иборат. Миннеаполис шаҳрида «IDS Center» (241 метр), Капелламинораси (236 метр) ва «Wells Fargo Center» (236 метр) осмонўпар бинолари жойлашган.

Агар «Шимолий юлдузлар» штати юлдузи 2020 йилда АҚШ президенти этиб сайланса, мамлакатдаги биринчи аёл президент сифатида ҳам тарихга киради.

Лазиз Ҳасан ўғли

Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар