30119

Қозоғистонда 100дан ортиқ мигрантлар совуқдан қутқариб қолинди

Дунё 23 январь 13:21 549

Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари минган иккита автобус Қозоғистоннинг Акмола вилояти ҳудудида бузилиб қолди, деб хабар қилмоқда Sputnik Казахстан вилоят ИИБ матбуот хизматига асосан.

Ўтган тунда полиция “Астана – Петропавловск” йўлида Van Hool автобуси бузилиб қолгани ҳақида хабар олишган. Кейин маълум бўлишича автобусга қуйилган дизель ёнилғиси қаттиқ совуқдан музлаб қолган. Салонда 43 нафар йўловчи бўлган. Икки нафар ҳайдовчи ва йўловчилар – Ўзбекистон фуқаролари.

Қутқарув хизмати йўловчилар ва ҳайдовчиларни Шортандин тумани Бозайгыр қишлоғида жойлашган касб-ҳунар ўқув юртида ташкил қилинган исиниш пунктига олиб боришган.Улар иссиқ овқат ва ётишга жой билан таъминланган.

Ундан ташқари якшанбадан душанбага ўтар оқшоми Буландин тумани полиция ходимлари “Мерке — Тюмень” йўналишида ҳаракатланаётган, бузилиб қолган Setra автобуси йўловчиларига ёрдам беришган. Автобусда 2 нафар ҳайдовчи ва 55 нафар йўловчилар – Тожикистон фуқаролари бўлган. Уларнинг барчаси исиниш пунктларига эвакуация қилинган.

Ушбу ҳафтада кузатилаётган кучли совуқдан Акмола вилоятидаги барча автомобил йўллари барча йўналишда қатнаётган жамоат транспорти учун ёпилган. Полиция кучайтирилган тартибда ишламоқда. Фуқаролардан вақтинча узоқ масофага саёҳатга чиқишдан воз кечиш сўралмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада “Самара — Шымкент” йўлида 57 нафар йўловчи минган автобус ёниб кетиб, 52 нафар Ўзбекистон фуқаролари қурбон бўлган эди. Кейинроқ маълум бўлишича, ёнғин “оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш” оқибатида келиб чиққан.

Изоҳ билдириш