39932

ОАВ: Ядровий ҳалокат дарвозаси очилди

Дунё 24 май 15:42 1 536

АҚШ вакиллар палатаси янги ядро қуролини яратиш режасини қўллаб қувватлаш қарорини қабул қилиб, ядровий ҳалокат «дарвозаси очилишига» имкон яратди.

РИА Новости хабарига кўра, Америка вакиллар палатаси 2019 йил учун ҳарбий бюджетга киритиладиган ўзгартишларни қабул қилмади. Бу ўзгаришлар ядро боеголовкаларини молиялаштиришга таъқиқ қўйишни назарда тутар эди.

Қайд этилишича, рад этилган тузатишлар Trident II денгиз базасидаги баллистик ракеталар учун мўлжалланган W76-2 кам қувватли ядро боеголовкаларини ишлаб чиқишга ажратиладиган молия манбалари миқдорини икки баробарга қисқартириши лозим эди.

Ушбу ўзгартишни вакиллар палатаси аъзоларининг 435 нафаридан 188 нафари қўллаб қувватлаган, 226 киши эса қарши овоз берган. Республикачилар партияси вакиллари, шу аснода, ушбу дастур Россияни «ушлаб туриш» воситаларидан бири бўлиши лозимлигини очиқ баён этганлар.

Сал аввалроқ, хавфсизлик органларининг ва Пентагон қўмиталарининг собиқ ходимлари АҚШ Конгрессига мактуб йўллаб, унда янги ядровий қурол ишлаб чиқариш дастурини молиялаштиришдан воз кечишга даъват қилган эдилар. Собиқ ҳарбий хизматчиларнинг мактубида тактик ядро қуролини ишлаб чиқиш дастурини ривожлантириш «ядровий ҳалокат дарвозасини очиб юбориши» айтилганди.

Изоҳ билдириш