48354

ОАВ: Гулнора Каримованинг уйида ва сейфларида қиймати 38 млн Швейцария франкига тенг соатлар ва заргарлик буюмлари топилган

Дунё 12 октябрь 9:32 1 686

Zeromax компанияси 2006—2009 йилларда Ўзбекистон Биринчи Президентининг қизи Гулнора Каримованинг ҳисоб-китобларини тўлаган. Бу ҳақида Швейцариянинг Tages-Anzeiger ва Tribune de Genève нашрларига таяниб, «Kun.uz» хабар бермоқда.

Гулнора Каримова 2009 йилда «Наша Газета» нашрига берган интервьюсида Zeromax компаниясига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган.

Zeromax компанияси Швейцариянинг Суг шаҳрида 2005 йилда рўйхатдан ўтган ва Ўзбекистоннинг нефть ва газ савдоси бўйича шартномаларини амалга оширган. 2010 йилда Zeromax банкрот бўлган ва ўзидан кейин 191 та кредитор олдида 5,6 миллиард Швейцария франкига тенг улкан қарзларни қолдирган. Компаниянинг банкротлигидан Швейцария ва Германиядаги кўплаб компаниялар зарар кўрган. Улар Zeromax Гулнора Каримовага тегишли бўлган, деб ҳисоблайди ва унинг музлатиб қўйилган активларининг бир қисмини етказилган зарар учун тўлов сифатида уларга қайтаришни талаб қилмоқда.

Zeromax кўпинча Гулнора Каримова билан алоқдорликда эсланади, аслида компанияни ким назорат қилгани номаълум. 2009 йилда «Наша Газета» нашрига берган интервьюсида Гулнора Каримова Zeromax’га алоқадорлиги юзасидан берилган саволга шундай жавоб берган: «Ҳақиқатда бундай маълумот интернетда пайдо бўлди ва шундан буён менга ёпишиб қолди. Бу компанияга менинг ҳеч қандай алоқам йўқ, албатта, компания билан нафақат у ерда кўплаб дўстларим ишлагани учун, балки унинг мамлакатимиз ҳаётида ўйнаётган роли бўйича яхши танишман».

Tages-Anzeiger ва Tribune de Genève журналистлари эса бошқача фикрда. Уларнинг қўлига 2016 йилда тузилган полиция ҳисоботи тушган. Ҳужжатдан маълум бўлишича, Гулноранинг уйида ва Женеванинги Ломбард Одиэр банкидаги сейфларида ўтказилган тинтувлар вақтида қиймати 38 миллион Швейцария франкига тенг соатлар ва заргарлик буюмлари, хусусан, ёқут занжир, йирик қизил бриллиантли ҳалқа топилган.

Бундан ташқари, полиция ҳисоботида Швейцария ва Германия компаниялари Гулнорага унинг Колонидаги «Магнолия» вилласи таъмири учун юборган ҳисоблари, Франция ва Гонконгда кўчмас мулк сотиб олингани ҳақида маълумот, европалик футболчиларнинг Ўзбекистонга трансфери учун тўловлар мавжуд. Бу ҳисобларнинг баъзиларини Гулноранинг ўзи тўламаган, уларни Zeromax компаниясига йўналтирган. Журналистларнинг ҳисоблашича, Zeromax томонидан Гулнора Каримованинг топшириғига биноан унинг манфаатлари учун тўлаган тўловларнинг умумий суммаси 127 миллион Швейцария франкини ташкил қилади.

ТдГ томонидан хабар қилинишича, терговчилар Zeromax ҳисобрақамларидан Газпромбанкнинг Тцюрихдаги филиалидаги офшор компанияларнинг ҳисобига ўтказилган пуллар бўйича далилларни ҳам топган. Мазкур компаниялар Гулнора Каримовага алоқадор бўлиши мумкин: 2006—2009 йилларда 370 миллион Швейцария франки ўтказилган. Шундан сўнг, 2010 йилда барча пуллари олиб қўйилган Zeromax банкрот бўлган.

Швейцария савдо реестрида компания Ўзбекистоннинг икки фуқароси номига рўйхатга олинган. 2017 йилга қадар Zeromax банкротлиги бўйича иш Каримовага қарши терговнинг бир қисми бўлган. Бироқ кейинроқ жиноий ишлар бўйича федерал суд Zeromax томонидан Каримованинг фойдасига ўтказилган кўп сонли тўловлар Гулнора Каримованинг компания устидан назоратни амалга оширгани ҳақида гувоҳлик бермайди, деган қарорга келган. Суд Zeromax’нинг собиқ менежерлари кўрсатмаларини муҳимроқ деб ҳисоблаган. Уларнинг кўрсатмалари Каримова компанияга алоқадор бўлмаганини тасдиқлаган. Zeromax кредиторларининг адвокатлари эса менежерлар босим остида кўрсатма берган, деб ҳисоблайди.

Жорий йилнинг 9 майида Федерал кенгаш дастлабки қарорни қабул қилган: музлатиб қўйилган 800 миллион Швейцария франки тўлиқ ҳажмда Ўзбекистонга қайтарилиши керак, чунки пуллар коррупцион фаолият ва Ўзбекистон давлатига етказилган зарар натижасида олинган, деб ҳисобланади.

Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар