3463

Москвада Лавров ва Тиллерсон ўртасидаги музокаралар якунланди

Дунё 14 апрель 8:22 305

РИА «Новости»  нашрининг ёзишича, Москвада РФ ТИВ раҳбари Сергей Лавров ва АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон ўртасидаги музокаралар якунланди. учрашув беш соатга яқин давом этди.

Муҳокамага қўйилган асосий мавзулар орасида Сурия, Украина, КХДР ва икки томонлама алоқалар масалаларини қайд этиш мумкин. Учрашувдан сўнг Тиллерсон журналистлар билан мулоқотдан бош тортди.

АҚШ давлат котиби куни кеча Москвага ташриф буюрди. Тиллерсон Россияга ташрифи олдидан Сурия бўйича қатъий баёнот билан чиқиб, Москвани АҚШ билан ҳамкорлик ва Башар Асадни қўллаб-қувватлаш ўртасида «танлаш»га чақирган эди.

Москва ҳамкорлик учун очиқ

Дипломатларнинг музокаралари одатдагидек бошланмади. Ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари ТИВнинг Қабул хонасига киришлари биланоқ америкалик журналистлар баланд овозда Россия вазирига саволлар ёғдира бошлашди, ҳолбуки бундай саволлар учун матбуот анжуманлари ўтказилади.

«Сизларни ким тарбиялаган?», – дея саволга савол билан жавоб қайтарди Лавров. ОАВ вакиллари эшитиши учун савол яна бир марта такрорланди, шундан кейингина залдагилар тинчишди.

Учрашув олдидан Лавров Москвада Қўшма Штатларнинг икки томонлама муносабатлар ва халқаро муаммоларга оид баёнотлари бўйича саволлар кўплигини таъкидлади. Шундай бўлса-да, Россия АҚШ билан конструктив ва тенг ҳуқуқли асосда ҳамкорлик қилишга тайёр.

Москва ёпиқ альянслар доираси билан чекланиб қолишни самарасиз деб ҳисоблайди, деди вазир. Лавровнинг сўзларига кўра, «бу позиция бизнинг америкалик ҳамкасбларимизга бир неча маротаба етказилган ва Вашингтонгга яхши маълум, шу жумладан сизга ҳам».

Шунингдек у Тиллерсоннинг ташрифини «ўз вақтида амалга оширилган ташриф» деб атади, зеро «бу барча масалалар, энг аввало, кенг аксилтеррор фронтни шакллантириш бўйича истиқболларга очиқ ва ҳаққоний аниқлик киритиш имконини беради».

Мулоқотнинг йўлга қўйилиши

АҚШ давлат котиби, ўз навбатида, унинг Лавров билан учрашуви Москва ва Вашингтонга очиқ диалогни йўлга қўйишга ёрдам бериши ҳамда Россия ва АҚШнинг муайян жабҳалар бўйича фарқланувчи позицияларини изоҳлашга имкон беришига умид билдирди.

Тиллерсон ҳам учрашув ҳақиқатда икки томон учун жуда муҳим вақтда бўлиб ўтаётганини таъкидлади.

У учрашувда «бир қатор жуда кенг ва муҳим масалалар»ни муҳокама қилиш кўзда тутилаётганини қўшимча қилди.

Путин Тиллерсон ва Лавровни қабул қилди

Тиллерсоннинг РФ президенти Владимир Путин билан учрашиши сўнгги соатларгача номаълумлигича қолаётган эди. Бироқ давлат раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков учрашувнинг эҳтимолдан ҳоли эмаслигини айтганди.

Ташқи сиёсий идоралар раҳбарларининг учрашуви якунланганидан сўнг Владимир Путин Кремлда Сергей  Лавров ва Рекс Тиллерсонни қабул қилди.

Изоҳ билдириш