24452

АҚШда Сайфулло Соиповга нисбатан айблов эълон қилинди

Дунё 22 ноябрь 13:02 1 507

31 октябрь куни Манхеттенда юк машинасида бир неча кишининг ҳаётига зомин бўлган Сайфулло Соиповга терроризм ва қотиллик бўйича айблов эълон қилинди. Бу ҳақида АҚШ Адлия вазирлигига асосланиб РИА Новости хабар берди.

Соиповга умумий ҳисобда 8 та қотиллик (ҳужум қурбонлари сони бўйича), 12 та қотиллик содир этишга уриниш (жабрланганлар сони бўйича), ИШИД террорчилик гуруҳига кўмак бериш ва кўмак беришга уриниш, зўравонлик ва транспорт воситасига зарар етказиш бандлари бўйича айблов қўйилди.

22 банддан иборат айблов хулосасини ҳакамлар ҳайъати чиқарган. Энди Соипов ўз қилмишлари учун суд олдида жавоб беради, дейилади Нью-Йорк жанубий округи прокурори ҳужжатида. Айбловнинг икки моддаси бўйича Соиповга умрбод қамоқ жазоси ёки ўлим жазоси берилиши мумкин.

Адлия вазирлиги хабарида қайд этилишича, Соипов юк машинасида ҳужум қилишга уни телефон орқали кўрган ИШИД видеоси илҳом берганини тан олган. У жиноятни содир этишни бир йил аввал ўйлаб қўйган, ҳужумдан икки ой аввал эса «кўпроқ бегуноҳ одамлар жабрланиши» учун уни юк машинаси ёрдамида амалга оширишга қарор қилган. У терактдан бир ҳафтача олдин юк машинасини ижарага олиб, уни бошқаришни машқ қила бошлаган.

Соипов юк машинасида Манхэттеннинг жануби-ғарбида жойлашган велосипедчилар йўлагида учраган велосипедчиларни босиб, бир неча кўча юриб ўтган, сўнгра мактаб автобусига урилиб тўхтаган.

Ҳужум оқибатида 8 киши ҳалок бўлган, 12 киши жароҳат олган.

Изоҳ билдириш