45701

Жамшид Кенжаевнинг ўлимида айбланиб Aurum 898 тунги клубининг 4 қўриқчиси қамоққа олинди

Ўзбекистон 11 август 18:37 2 322

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан Тошкентдаги «Aurum898» тунги клубининг тўрт қўриқчисига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб, «Газета.uz» хабар қилди.

Бош прокуратура маълумотига кўра, 8 август куни соат 23:45 ларда Юнусобод туманидаги Aurum тунги клуби кириш эшиги олдида эркин курашчи Жамшид Кенжаев ва тунги клуб қўриқчилари ўртасида жанжал юзага келган. Кенжаевнинг пичоқ билан муассасага киришига қўриқчилар йўл қўймаган. Шундан сўнг Кенжаев икки қўриқчи Шерали Илясов ва Абдурасул Мирзаевга пичоқ билан санчиб кесилган тан жароҳатлари етказган. Жанжал давомида воқеа жойида бўлган Aurum тунги клубида қўриқловчи ёрдамчи Шодали Қиличов Жамшид Кенжаевнинг қўлидан ошхона пичоғини тортиб олиб, унга санчиб кесилган тан жароҳатлари етказган. Шунингдек, Кенжаевга қўриқчилар Ж.Ёрқулов, С.Комолиддинов, А.Хамраев ва клуб ёнидаги бошқа бир нечта шахслар ҳам қўллари, оёқлари ва ёғоч дасталари (биталар) билан уриб, тан жароҳатлари етказган.

Жамшид Кенжаев «кўкрак қафаси ўнг томон қўлтиқ ости соҳаси 4-қовурғаси, қорин олди ён девори, иккала думбаси, бош тепа соҳасига санчилиб кесилган жароҳатлари, ташқи қон кетиши, геморрагик шок 3-даража» ташхиси билан тумандаги 7-сонли шифохонага ётқизилган. Аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан вафот этган.

Ҳолат юзасидан 9 август куни Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Шодали Қиличовга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов давомида Ш.Қиличов ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми, С.Комолиддинов, Ж.Ёрқулов ва А.Хамраевлар ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми «в» бандида (совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб безорилик содир этиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилиниб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган. Уларга нисбатан жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.

Изоҳ билдириш