46013

Ягона мактаб формаси: 2018/2019 ўқув йилида ўқувчиларнинг бу формаларда келиши мажбурийми?

Ўзбекистон 16 август 13:01 755

Ўзбекистонда ягона мактаб формаси тасдиқлангани хабар берилган эди.

Қайд этилишича, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларнинг ушбу мактаб формаларида келишлари ихтиёрийдир.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурий ҳисобланади.

Ушбу ягона мактаб формасининг шакллари хусусий мактаблар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ва мактаб-интернатлари, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаблари ва мактаб-интернатлари учун татбиқ этилмайди;

Ўқувчилар томонидан мактаб формасини кийишда қуйидаги талабларга риоя этилиши лозим:

– кийимларнинг ўта тор ёки ўта кенг бичимда бўлмаслиги;
– қизлар учун юбканинг узунлиги тиззадан 5-15 см пастда бўлиши;
– ўғил болалар учун шимнинг узунлиги оёқ тўпиғидан пастда бўлиши;
– оёқ кийимлар пошнасининг 3 сантиметрдан баланд бўлмаслиги;
– кўйлакнинг энг юқоридаги фақат битта тугмасидан ташқари бошқа тугмаларнинг қадалган бўлиши;
– кийимларнинг тоза ва дазмолланган бўлиши.

Ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозим, таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикасида аҳоли турли миллат ва диний конфессиялар вакилларидан иборатлиги ҳамда мажбурий умумий ўрта таълим дунёвий характерга эгалиги муносабати билан ўқувчиларнинг мактаб формасига турли дин ва конфессиялар хамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмайди.

Қишки ўқиш даврида ўқувчи қизларга ягона мактаб формасига мос шим кийишга рухсат берилади.

Ўқувчиларнинг мактаб формасини кийиш тартибига риоя қилмаслик таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузиш деб баҳоланади ва бундай ўқувчиларга қуйидаги чоралар қўлланиши мумкин:

– огоҳлантириш;
– кундалик дафтарига қайд этиш;
– тушунтириш ишларини олиб бориш учун ота-онасини хабардор қилиш;
– фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасасидаги йиғилишларда ота-оналар иштирокида муҳокама қилиш.

Изоҳ билдириш