41898

ЎзМТДП фракцияси аъзолари Ўзбекистонда чилим ва электрон сигареталарга қарши чиқмоқда

Ўзбекистон 13 июнь 17:10 272

Бугун мамлакатимизда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” тамойили асосида фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, улар учун қулай шарт-шароит­лар яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Президентимизнинг Халқ қабулхоналари ва Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги, шаҳар ва туманларда унинг марказлари ташкил этилганлиги ҳам фуқароларга тезкор ва қулай, сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлашга қаратилган.

Аввалги “ягона дарча” марказлари фақат тадбиркорларга хизмат кўрсатган бўлса, давлат хизматлари марказлари аҳолига ҳам турли енгилликлар тақдим этмоқда. Уларнинг Халқ қабулхоналари билан бир жойда фаолият олиб бориши фуқаролар муаммоларини жойида ҳал қилиш, жисмоний ва юридик шахсларга тез, қулай, шаффоф хизмат кўрсатишда қўл келмоқда. Энди фуқаронинг ва юридик шахс вакилининг тегишли ҳужжатни расмийлаштириши учун у ёки бу идорага вақт сарфлаб қатнашига ҳожат йўқ. Барча ҳужжатлар электрон тизим орқали ҳаракатланади. Бу давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” деган муҳим тамойилни жорий этиш имконини беради.

Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишда асосий эътибор навбатда туришларни кескин камайтириш, сансоларликнинг олдини олиш, халқнинг давлат идораларидан рози бўлишига қаратилмоқда.

Кундалик ҳаётда ҳар биримиз дуч келадиган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиш, болани мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш, ҳужжатларни расмийлаштириш каби масалалар эндиликда давлат хизматлари марказлари зиммасига юклатилди. Бу нафақат сарф-харажатларни, балки инсон учун қимматли бўлган вақтни тежаш, ундан унумли фойдаланиш имконини яратмоқда.

— Ҳар бир инсон ҳаёти давомида, жамиятнинг у ёки бу соҳаси билан боғлиқ ҳаракатида давлат органлари билан дуч келиши муқаррар.

— Бугун мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шарт-шароит яратиш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, фаровонлиги ҳамда даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди ЎзМТДП фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратов. — Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва бунёдкорлик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолига муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бандликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар давлатимиз раҳбарининг “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори асосида янги босқичга кўтарилади. Мазкур қарорда ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида қатор чора-тадбирлар назарда тутилган. Жумладан, дастурда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида, энг аввало, олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда аҳолининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи сифати ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришлар амалга оширилишини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Унга мувофиқ тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолининг тадбиркорлик ташаб­бусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда фаолиятни ташкил этиш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида мутасадди идоралар томонидан тизимли амалий ёрдам кўрсатилади.

Хусусан, аҳолига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва тегишли фаолият турини ташкил қилишга кўмаклашилади. Қишлоқ ва маҳаллаларнинг ҳунармандчилик, тикувчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, ихчам иссиқхоналар ташкил қилиш каби фаолиятини ҳисобга олган ҳолда мазкур соҳада ижобий натижаларга эришган, ишбилармонлик тажрибасига эга тадбиркорлар маҳаллаларда янги бизнес фаолияти билан шуғулланишни бошлаган оилаларга бириктирилиб, мини-кластерлар ташкил этилади. Бўш турган ер майдонларини янги ташкил этилаётган оилавий тадбиркорлик субъектларига бериш орқали аҳоли учун қўшимча иш ўринлари ва даромад манбалари яратиш кўзда тутилган.

Шунингдек, давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётган тадбиркорлар фаолиятини тиклаш ва қонунийлаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар амалга оширилади. Дастурни амалга ошириш учун тегишли ишчи гуруҳлари тузилгани, дастур ижросини мувофиқлаштириш, тизимли мониторинг қилиш ва рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш бўйича коор­динаторлар белгилангани эътиборга молик. Бир сўз билан айтганда, ушбу қарорда кўзда тутилган мақсад-вазифалар аҳоли фаровонлигини ошириш, фуқароларга қулайлик яратиш, янги иш ўринлари ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади. Шундай экан, партия ташкилотлари ҳамда фракциямиз аъзолари жойларда мазкур қарор мазмун-моҳиятини, “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурини аҳоли ўртасида кенг тарғиб-ташвиқ қилишимиз лозим. Бу, ўз навбатида, партия электорати бўлган ҳунармандлар, касаначилар ва оилавий тадбиркорлар учун ҳам кенг имконият яратади.

Фракция аъзолари қарор ижросини таъминлаш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шундан сўнг депутатлар “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ло­йиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди.

Қайд этилганидек, экстремизмдан шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, конституциявий тузумни ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг тинчлиги, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлаш ушбу қонун лойиҳасининг асосий мақсад-вазифаси ҳисобланади. Шу боис ҳам мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашга, конституциявий тузум ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг тинчлиги, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлашга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга, жамиятда экстремизмга нисбатан муросасизликни шакллантиришга, экстремизм соҳасида қонунбузилишларнинг ўз вақтида олдини олиш, аниқлаш ва чек қўйишга, уларнинг оқибатларини бартараф қилишга хизмат қилади. Шунинг­дек, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга, умумэътироф этилган халқаро меъёрлар ва стандартларни амалга оширишга имкон беради. Қонун лойиҳасида экстремизмга қарши курашишнинг асосий принциплари ва йўналишлари, унга қарши курашишни мувофиқлаштирувчи ва амалга оширувчи давлат органлари ва уларнинг ваколатлари белгиланмоқда.

Фракция аъзолари ушбу қонун ло­йиҳаси ЎзМТДП сайловолди Платформасида ёш авлодни ёт ғоялар таъсиридан асраб-авайлашга кўмаклашиш сингари дастурий вазифалар ижросига хизмат қилишини таъкидлаб, ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

Йиғилишда ЎзМТДП фракцияси аъзолари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Маълумки, ҳозирда аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ресторан, кафе, бар, клуб ва бошқа жамоат жойларида электрон сигареталар ва чилим чекиш оммалашиб бораётир. Кўпчиликда бу турдаги маҳсулотларнинг зарари кам, деган янглиш тушунча мавжуд. Аммо уларнинг инсон саломатлигига зарари тамаки маҳсулотлариникидан қолишмайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бир йилда дунё бўйича 7 миллион одам, жумладан 6 миллион нафардан ортиғи ана шундай маҳсулотларни бевосита истеъмол қилиши натижасида вафот этган бўлса, 900 мингдан зиёди чекувчилар ёнида ёки чилим чекилган хонада бўлиши оқибатида ҳаётдан кўз юмган. 2030 йилга бориб бу кўрсаткичнинг 8 миллионга етиши тахмин қилинмоқда. Чунки саратон касалликларининг 71 фоизга, сурункали нафас йўли касалликларининг 42, юрак қон-томир касалликларининг 10 фоизга яқини фаол ёки кам чекиш натижасида пайдо бўлиши аниқланган.

Шу мунособат билан ЎзМТДП фракцияси аъзолари чилим ва электрон сигареталарни истеъмол қилишнинг инсон саломатлиги учун зарарли оқибатларини ўрганди. Ўрганиш натижалари чилим ва электрон сигареталарни чекиш инсон соғлиғига тамаки маҳсулотларига нисбатан кўпроқ салбий таъсир қилишини кўрсатди.

— Ўрганишларимиз давомида электрон сигареталар ва чилим чекишнинг аҳоли саломатлигига таъсири тамакидан ҳам кўра юқори эканлиги, чилим чекиш жараёнида организмга ис газидан ташқари катта миқдорда хром, никотин, қўрғошин, смола, формальдегидлар, бензоллар, полициклик углеводлар, карбоксигемоглобин ва бошқа зарарли бирлашмаларнинг тушишини аниқладик, — деди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Зумрад Бекатова. — Бу эса юрак қон-томир, ўпка ва нафас йўллари касаллик­ларига, овқат ҳазм қилиш тизимлари фаолиятининг бузилишига, онкологик касалликлар ривожланишига, жинсий ва репродуктив қобилиятнинг сусайишига олиб келади. Тамаки маҳсулотлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган санитар меъёр ва қоидалар талабларига риоя этилган стандарт ва технологиялар асосида тайёрланади. Бироқ чилим чекишда фойдаланиладиган қўшимчалар турли хил бўлиб, таркиби номаълум. Уларнинг сифати ва таркибига бўлган талаблар қонунчиликда кўзда тутилмаган. Чилимда фойдаланиладиган, никотинсиз аралашмалар ҳам инсон саломатлиги учун барча ёнувчи моддалар каби хавфли ва зарарлидир. Шунингдек, чилим чекишда тамаки маҳсулоти ва мевали аралашмалар билан бир қаторда камроқ миқдорда бўлса-да наркотик моддалар (наша) ва соғлиқ учун зарарли бўлган бошқа ингредиентларни истеъмол қилиш ҳоллари ҳам учраб туради. Масалан, фильтр вазифасини ўтовчи сув ўрнига аксарият ҳолларда таъсир кучини ошириш мақсадида спиртли ёки спиртсиз бошқа ичимликлардан фойдаланилади. Шу билан бирга, чилим ва электрон сигареталарни гуруҳ бўлиб чекиш гигиена талаб ва қоидаларига мос келмайди — оғиздаги сўлак трубка орқали бир инсондан иккинчисига ўтади. Натижада гепатит, стафилакок, сил, грипп, герпес ва бошқа юқумли касалликларни юқиш хавфи кўп марта ошади.

Амалдаги қонунчилигимизда чилим ва электрон сигарета, шунингдек, чилим ва электрон сигарета чекиш учун аралашмалар тўғрисидаги тушунчалар мавжуд эмас. Шунингдек, чилим ва электрон сигареталар истеъмол қилишни рек­лама ва тарғиб қилишга йўл қўймаслик тўғрисида тақиқ белгиланмаган. Бунинг оқибатида чилим ва электрон сигарета чекиш масалалари ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаган ва ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Шу муносабат билан ишлаб чиқилган “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида чилим ва электрон сигареталарни чекиш мумкин бўлмаган жамоат жойлари таркиби аниқлаштирилмоқда, уларни реклама қилишни чеклаш ва тарғиботини тақиқлашга оид меъёрлар киритилмоқда. Шунингдек, жамоат жойларида тегишли чора-тадбирларни амалга оширишга масъул шахслар ва уларнинг мажбурият­лари белгиланмоқда. Чилим ва электрон сигареталар чекиш учун жамоат жойларида хоналар ва жойлар ажратиш, шунингдек, жамоат жойларида чилимлар, чекиш аралашмаларини фойдаланиш учун тақдим этиш тақиқланмоқда, — деди депутат.

Дарҳақиқат, чилим ва электрон сигареталар чекиш, айниқса, ёшлар орасида гўёки замонавийлик белгиси сифатида кенг тарқалаётгани ачинарли ҳол. Шундай экан, ЎзМТДП фракцияси аъзоларининг ташаб­буси асосидаги мазкур қонун ло­йиҳаси қабул қилиниши жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекиш кенг тарқалишининг олдини олади. Чекмайдиган фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлайди ёки тамаки тутунидан заҳарланишини бартараф этади. Энг муҳими, чилим ва электрон сигареталар чекилиши натижасида келиб чиқадиган касалликлар, шунингдек, гуруҳ бўлиб чекиш оқибатида юқиш хавфи бўлган юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга хизмат қилади.

Фракция аъзолари ушбу қонун лойиҳаси партия дастурий вазифалари ижросига қаратилганини таъкидлаб, уни концептуал жиҳатдан маъқулладилар.

Шунингдек, йиғилишда “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида белгиланган талабларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни чеклаш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Йиғилишда яна бир қатор қонун ло­йиҳалари муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Изоҳ билдириш