39283

Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатиш бўйича Сингапур тажрибаси қўлланилиши мумкин

Ўзбекистон 18 май 15:22 730

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги делегацияси Сингапурга ташрифи доирасида Сингапур ҳамкорлик агентлиги, Йўл транспорти бюроси ва Ҳайдовчилик гувоҳномалари бериш бюроси вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, музокараларда Ўзбекистонда яқин истиқболда давлат хизматларининг янги турларини жорий қилиш мақсадида автомобиль воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш тизимининг Сингапур тажрибаси ва ижобий жиҳатларини ўрганиш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш таклиф этилди.

Йўл транспорти бюроси ва Ҳайдовчилик гувоҳномалари бериш бўйича бюро вакиллари Ўзбекистон делегациясини автомашиналар ва автомобиль рақамлари бериш билан боғлиқ ҳаракатларни қайд этиш, шунингдек, ҳайдовчилик гувоҳномаларини масофадан бериш ва янгилаш жараёнлари билан таништирди.

Сингапур ҳамкорлик агентлигининг Марказий Осиё ва Европа бўйича лойиҳаси директори Эрик Ли онлайн режимда давлат хизматлари тақдим этиш учун зарур бўлган учта асосий маълумотлар базасини яратиш бўйича Сингапур тажрибаси ҳақида маълумот тақдим этди.

У шунингдек, давлат хизматлари кўрсатишнинг масофавий услубига ўтиш усуллари, мобиль иловалар орқали хизматлардан фойдаланиш қулайликларини тарғиб қилиш, давлат органларининг мамлакатнинг учта асосий серверига интеграция қилиш механизмлари ҳақида сўзлаб берди.

Томонлар тажриба ўрганиш ва ахборот алмашиш учун Агентлик дастурчиларини Сингапурда стажировка ўташ учун юбориш ҳақида келишиб олди.

Давлат хизматлари маркази (Tampines Hub)да Агентлик делегацияси ишга жойлашиш, ОЎЮга ҳужжат топшириш, тиббий суғурта олиш бўйича давлат хизматлари олиш жараёни, шунингдек, аҳолининг ижтимоий таъминоти бўйича бошқа давлат хизматлари билан танишди.

“Агентлик делегациясини имконияти чекланган фуқаролар учун яратилган шароитлар, кўриш қобилияти паст бўлган шахслар учун махсус компьютер ва дастурлар, давлат хизматлари маркази фаолиятини баҳолаш самарадорлиги, мобиль иловаларнинг оддий ва қулайлилиги ҳайратга солди”, — дейилади хабарда.

Давлат хизматлари маркази ходимлари реал ҳужжатлар мисолида Ўзбекистон вакилларининг барча саволларига жавоб берди, шунингдек, Сингапур идоралари ўртасида ахборот алмашиш усули билан ўртоқлашди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги, шаҳар ва туманларда унинг марказлари ташкил этилди. Олдинги “ягона дарча” марказлари фақат тадбиркорларга хизмат кўрсатган бўлса, давлат хизматлари марказлари жисмоний ва юридик шахсларга ҳам хизмат кўрсатмоқда.

Изоҳ билдириш