27817

Ўзбекистон Президентининг янги фармони ва ушбу фармонга тўлиқ шарҳ

Фото: President.uz

2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги ПФ-5290-сон фармони

2018 йилда фуқароларнинг расмий саналарни нишонлаш даврида тўлиқ дам олиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш ва дам олиш, байрам кунларидан оқилона фойдаланиши, шунингдек, ички туризмни янада ривожлантириш мақсадида:

1. 2018 йилда қуйидаги қўшимча дам олиш кунлари белгилансин:

2 январь – сешанба;

20 март – сешанба;

31 август – жума.

2. 2018 йилда қуйидаги дам олиш кунлари кўчирилсин:

6 январь – шанба 3 январь – чоршанбага;

17 март – шанба 19 март – душанбага;

24 март – шанба 22 март – пайшанбага;

25 август – шанба 23 август – пайшанбага;

26 август – якшанба 24 август – жумага;

8 сентябрь – шанба 3 сентябрь – душанбага;

15 сентябрь – шанба 4 сентябрь – сешанбага;

29 декабрь – шанба 31 декабрь – душанбага.

3. Белгилаб қўйилсинки:

бюджет ташкилотларида қўшимча дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини уч иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланади, ҳар йилги меҳнат таътили даврида сақланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисоблашда меҳнат таътилининг амалдаги давомийлиги ҳисобга олинади, унга ушбу фармоннинг 1-бандига мувофиқ белгиланган қўшимча дам олиш кунлари қўшилади;

бюджет ташкилоти ҳисобланмаган ташкилотларда ушбу фармоннинг 1-бандига мувофиқ қўшимча дам олиш кунлари меҳнат таътилига қўшимча бошқа кунлар билан бир қаторда ташкилотнинг молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, меҳнат шартномалари ёки иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси билан келишиб қабул қилинадиган бошқа ички ҳужжатларда белгиланади;

ҳар йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги қисқартиришни ҳисобга олган ҳолда 15 иш кунидан кам бўлмаслиги керак.

4. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (А.Хаитов):

Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши (Қ.Рафиқов), Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Абдуҳакимов), Молия вазирлиги (Ж.Қўчқоров) ва Иқтисодиёт вазирлиги (Б.Хўжаев) билан биргаликда ходимларнинг дам олиш ва байрам кунларидан оқилона фойдаланишини таъминлашни инобатга олган ҳолда келгуси календарь йили учун қўшимча дам олиш кунларини белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида ҳар йили 15 октябрдан кечикмасдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Ж.Қўчқоров) билан биргаликда Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши (Қ.Рафиқов) билан келишган ҳолда ушбу фармон қоидаларини ҳисобга олиб, йиллик меҳнат таътили пайтида сақлаб қолинадиган ўртача иш ҳақи миқдорини аниқлаш бўйича йўриқномани бир ой муддатда белгиланган тартибда тасдиқласин;

ҳар йили 15 ноябргача келгуси календарь йил учун иш вақти календарини ўрнатилган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Абдуҳакимов) Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (Қ.Қуронбоев), Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши (Қ.Рафиқов), «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК (У.Розуқулов) ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ (А.Шукуров), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда дам олиш байрам кунларининг узайтирилишини ҳисобга олган ҳолда, республика аҳолиси учун ички туризм ва фаол дам олиш йўналишларини, транспорт ва меҳмонхона хизматлари учун чегирмалар берилишини ҳамда акциялар ўтказилишини ташкил этсин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари:

аҳолининг узайтирилган байрам (дам олиш) кунларида мароқли ва фойдали дам олишини ташкил этиш бўйича тизимли чоралар кўрсинлар;

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Абдуҳакимов) ва Миллий телерадиокомпания (А.Хўжаев) билан биргаликда байрам кунлари ўтказиладиган тадбирлар тўғрисида аҳолини кенг хабардор қилишни таъминласин.

7. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши (Қ.Рафиқов):

меҳнат жамоалари ўртасида ушбу фармоннинг мақсади, мазмун-моҳияти тўғрисида тушунтириш ишларини ташкил этиш;

узайтирилган байрам кунларида ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг мароқли дам олишини таъминлаш юзасидан касаба уюшмалари ташкилотларининг ишини фаоллаштириш тавсия этилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (А.Хаитов) Адлия вазирлиги (Р.Давлетов) билан биргаликда қонунчиликка ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

9. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.А.Хаитов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги Фармонига
Ш А Р Ҳ

Ўзбекистон Республикасида аҳолининг яшаш фаровонлиги ва турмуш даражасини кўтариш, ходимларнинг меҳнат қилиши ва дам олишига қулай шароитларни яратиш, уларнинг юқори ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама ички туризм ва оилавий дам олиш ривожлантирилиши ҳисобига мамлакатимизнинг тарихий-маданий бойлиги, унинг ноёб табиий ресурслари билан чуқур танишиш учун фуқароларга имкониятларнинг кенгайтирилиши бўйича изчил чоралар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимчи ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини қўчириш тўғрисида”ги фармони давлат байрамлари даврида, қонунчиликда белгиланган дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида фуқароларга тўлиқ ва фойдали дам олиш учун қўшимча шароитларнинг яратилишини таъминлашга қаратилган.

Шу мақсадда 2018 йилда Янги йил, Наврўз ва Мустақиллик байрамларига тўғри келган қўшимча ишланмайдиган кунлар қонунчиликда белгиланмоқда, шунингдек, айрим дам олиш кунлари ушбу байрам саналарига яқин бўлган иш кунларига кўчирилиши амалга оширилмоқда.

Натижада 2018 йилда байрам кунларида узлуксиз дам олиш давомийлиги қўшимча ишламайдиган кунларни белгилаш ва айрим дам олиш кунларни кўчириш орқали таъминланади:

Янги йилга – 5 календарь куни (2017 йил 30 ва 31 декабрь –календарь бўйича дам олиш кунлари, 2018 йил 1 январь – ишламайдиган байрам куни, 2018 йил 2 январь – қўшимча ишламайдиган кун, 2018 йил 3 январь – 6 январдан кўчирилган дам олиш куни);

Наврўз байрамига – 5 календарь куни (18 март – календарь бўйича дам олиш куни, 19 март – 17 мартдан кўчирилган дам олиш куни, 20 март – кўшимча дам олиш куни, 2018 йил 21 март – ишламайдиган байрам куни, 22 март – 24 мартдан кўчирилган дам олиш куни);

Мустақиллик кунига – 5 календарь куни (2018 йил 31 август – кўшимча ишламайдиган кун, 2018 йил 1 сентябрь – ишламайдиган байрам куни, 2 сентябрь – календарь бўйича дам олиш куни, 3 сентябрь – 8 сентябрь шанба кунидан кўчирилган дам олиш куни, 4 сентябрь – 15 сентябрдан кўчирилган дам олиш куни).

Янги йил, Наврўз ва Мустақиллик байрамлари кунларига қўшимча ишланмайдиган кунлар белгиланиши меҳнат таътили давомийлиги уч иш кунига қисқартилиши ҳисобига қопланиши кўзда тутилмоқда. Бунда:

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 134-моддасида белгиланган меҳнат таътилининг энг кам давомийлиги (15 иш куни);

давлат байрамларига тўғри келган, белгиланган меҳнат таътилининг қўшимча ишланмайдиган кунларини қўшиш йўли билан ходимга йиллик меҳнат таътили давомийлигига берилиши лозим бўлган тўловлар миқдори сақланиши таъминланади.

Бундан ташқари, халқимизнинг маънавий ҳаётида олижаноблик, миннатдорчилик, эзгулик, раҳмдиллик, ҳамжиҳатлик фазилатлари белгиланишида муқаддас Қурбон ҳайит ва Рамазон ҳайит байрамларининг муҳимлиги ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, миллий-маънавий қадриятларимизни юксалтириш ва сақлаб қолиш мақсадида 2018 йилдан бошлаб айрим дам олиш кунларини байрам кунларига яқин бўлган иш кунларига қўчириш ҳисобига узлуксиз уч кунлик дам олиш кунлари белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Ходимлар томонидан фармон билан белгиланган узлуксиз дам олиш кунларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида оилавий дам олишни ташкил қилиш чоралари амалга оширилиши, шу жумладан, ички туризм маршрутларини шакллантириш ва юртимизнинг тарихий-маданий марказларига ташриф буюришни, республика пансионат ва дам олиш уйларида узайтирилган дам олиш кунларини ўтказиш истагини билдирган ходимлар, уларнинг оила аъзоларига меҳмонхона ва транспорт хизматларига чегирмалар тизимини жорий қилиш кўзда тутилмоқда.

Бунда Меҳнат кодексининг 131-моддасида белгиланган байрам (ишланмайдиган) кунларига тўғри келган ҳафта кунларининг ўзгаришини инобатга олган ҳолда байрам саналари билан боғлиқ бўлган дам олиш кунларидан узлуксиз ва самарали фойдаланиш мақсадида шу кундан эътиборан айрим дам олиш кунларини байрам кунларига тўғри келган яқин иш кунларига кўчириш бўйича ҳар йили белгиланадиган саналарни кўчириш тартиби, шунингдек, иш вақтининг Календарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашда турли иш режимларида иш кунлари ва соатларининг сони белгиланиши билан жорий қилинмоқда.

Изоҳ билдириш