45608

Ўғрини қароқчи урди. 23 500 АҚШ доллари муддатидан олдин ўғирланди

Ўзбекистон 10 август 12:46 708

Шу йилнинг 6 август куни соат 21:30да 102 телефон рақамига Яккасаройдаги уйда ўғрилик содир этилгани ҳақида хабар келиб тушди.

30 ёшли Гулноза ва унинг ҳамроҳи 20 ёшли Жамшиднинг сўзларига кўра, улар уйда йўқлигида аёлга тегишли уйнинг сотувидан олинган 23 500 АҚШ доллари ўғирланган. Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси билан жиноят иши очилган.

Жабрланувчининг таъкидлашича, Яккасаройдаги уйни сотиб, бошқа тумандан жой олишга уни Жамшид ундаган. Шунинг учун аёлнинг яқини сифатида Жамшид ҳам сўроқ қилинди. Жамшид ўғриликни фош этишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдириб, ҳақиқатдан ҳам пулни ўғирлаш нияти бўлганини тан олди.

Шу мақсадда у 30 ёшли К.Азизга эшик калитидан бир нусха ясатиб олган ва уйда ҳеч ким йўқлигида Азизнинг таниши келиб пулларни ўғирлаши керак бўлган. Бироқ, Азиз Жамшиддан яшириб калитдан яна битта нусха ясаган ва режадаги ўғрилик содир этилишидан олдин пулларни ўзлаштириб олган. Яъни ўғрини қароқчи урган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жами 6 киши қўлга олинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Изоҳ билдириш