44572

Сиз тадбиркормисиз? Унда сизга янги имконият туғилди!

Ўзбекистон 13 июль 11:39 792

Тошкент шаҳар ҳокимлиги тадбиркорлик субъектларини кўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда давлат ва хусусий шерикчликни ривожлантириш борасидаги янги лойиҳага қўл урди.  Бу ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати маълум қилди.

Хусусан, жорий йилнинг 14 июль куни 12:00дан 15:00га қадар пойтахт ҳокимлиги биносида Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Артиқходжаев, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга маъсул идоралар раҳбарлари ҳамда тадбиркорлар ва ҳорижий инвесторлар иштирокида амалий учрашув ўтказилади. Мазкур тадбир хусусий сектор вакилларининг истиқболли лойиҳаларини кўриб чиқиш ва ҳаётга жорий этишга қаратилган.

Янгича ёндашувда ўтказилаётган ушбу учрашувда тадбикорлар ва хорижий инвесторлар Тошкент шаҳрини янада кўркам қилиш, пойтахтимизда саноат ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа барча соҳаларни ривожлантириш бўйича ўз лойиҳалари билан иштирок этишлари мумкин. Тадбиркорлардан лойиҳаларини слайд кўринишида тақдим этишлари сўралади. Учрашув очиқ, холис ва шаффоф ўтиши кафолатланади.

Мазкур тадбирнинг муҳим бир натижаси сифатида пойтахтимизда турар жой биноларини қуришни режалаштирган тадбиркорларга лойиҳалари тасдиқдан ўтгач, Тошкент шаҳар ҳокимияти Давлат шерикчилиги асосида ер участкалари ажратади. Бунда давлат шерикчилигининг аҳамияти шундаки, турар жой биноларининг қурилиши тугатилгач, давлатга уларни сотишдан тушган даромаддан фоиз тўланмайди, балки умумий хонадонларнинг 10-15 фоизи ҳокимлик тасарруфига ўтказилади ва ушбу хонадонлар чин етим, ногирон, кам таъминланган, боқувчиси йўқ уй-жойга муҳтож аҳоли қатламига тақдим этилади. Бу билан ҳам шаҳримиз ободончилигига ҳисса қўшилади, ҳам кўнгли яримларнинг эҳтиёжини қондиришнинг муҳим хайрли иш амалга оширилади.

Мазкур учрашув якуни бўйича шаҳар ҳокимлиги томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда.

Изоҳ билдириш