44063

Сифатсиз маҳсулот қанча муддат ичида алмаштириб берилиши керак?

Ўзбекистон 6 июль 13:52 390

Фарғона шаҳри Қиргули даҳасида истиқомат қилувчи Ш.Ташбаев Федерациянинг 1091 ягона ишонч телефони рақамига мурожаат қилиб, шаҳар марказидаги «Самсунг» савдо дўконидан Samsung А3 маркали уяли алоқа телефонини 1 770 000 (бир миллион етти юз етмиш минг) сўмга сотиб олганлигини, лекин телефон аппаратида нуқсон кузатилганлигини (динамиги яхши ишламаган), нуқсонли товарни сифатлисига алмаштириб олиш бўйича сотувчига қилган мурожаати ижобий ечим топмаганлигини айтиб, телефонни алмаштириб олишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраганди.

Маълум бўлишича, истеъмолчи телефон аппаратини якка тартибдаги тадбиркор Хакимовдан харид қилган. Сотувчи истеъмолчининг телефон аппаратини алмаштириб берилишини сўраб қилган қонуний мурожаатини ҳал қилиб бермаган. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига кўра, истеъмолчи товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши ҳуқуқига эга, Қонуннинг 13-моддасига кўра эса, истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда унинг нуқсонли товарни мақбул сифатли товарга алмаштириб олиш ҳуқуқи кафолатланган. 14-моддасига кўра эса, истеъмолчига сотилган нуқсонли товар айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб берилиши шарт.

Мурожаатни ўрганган масъул ходимлар сотувчига юқоридаги ҳолатлар бўйича тегишли тушунтиришлар берилгач, у истеъмолчининг қўлидаги нуқсонли товарни худди шундай маркали мақбул сифатли товарга алмаштириб берди.

Изоҳ билдириш