39165

Шавкат Мирзиёев Пентагонда АҚШ мудофаа вазири билан музокара олиб борди

Ўзбекистон 17 май 22:54 476

Аввалги хабарларимизда, Президентимиз 17 май куни Пентагонга ташриф буюриб, АҚШ мудофаа вазири билан музокара ўтказиши ҳақида хабар берган эдик. Президент Шавкат Мирзиёев Пентагонда АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис билан музокара олиб борди.

Давлатимиз раҳбари кўп йиллик ва самарали ҳамкорлик учун АҚШ томонига миннатдорлик билдириб, Президент Дональд Трамп билан ўтган мулоқот натижасида давлатлараро муносабатлар янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

Ташқи сиёсатимиздаги очиқлик ва яхши қўшничилик принципларига асосланиб, Ватанимиз суверенитети ва мустақиллигини мустаҳкамлаш мақсадида мамлакатимиз Мудофаа доктринаси сифат жиҳатидан янгиланди. Ҳарбий округларнинг таркибий тузилиши ва вазифалари тубдан қайта кўриб чиқилди, ҳарбий билим юртлари ислоҳ қилинди.

Ўзбекистон бу соҳада Америка Қўшма Штатлари билан тажриба алмашиш, ҳарбий-техникавий, мудофаа ва хавфсизлик йўналишида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор, деди Шавкат Мирзиёев.

АҚШ мудофаа вазири Президентимиз ташрифидан мамнун эканини билдириб, Ўзбекистон минтақадаги муҳим геостратегик давлат эканини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг очиқ ва конструктив ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиёда яхши қўшничилик муҳити яратилди. Афғонистон Президенти Ашраф Ғани билан мулоқотларингиз, Афғонистон ишлари бўйича махсус вакил тайинлаганингиз муҳим аҳамиятга эга. Расмий ташрифингиз доирасида қабул қилинган беш йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик режаси минтақадаги тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деди Жеймс Мэттис.

Учрашувда мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.

Изоҳ билдириш