41672

Шавкат Мирзиёев: меҳнат ва харажатга нисбатан кўп даромад олиш учун илм керак

Ўзбекистон 12 июнь 11:17 952

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Қува туманидаги “Фарғона анорчилик” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги агрофирма фаолияти билан танишди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги бозор талаби ва деҳқон даромади юзасидан диверсификация қилинмоқда. Яқинда барпо этилган “Фарғона анорчилик” корхонаси ҳам ана шу мақсадга йўналтирилган.

300 гектардан ортиқни майдонни эгаллаган ушбу агрофирма анор етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган. Айни пайтда 289 гектар ерга 15 навга яқин 272 минг тупдан зиёд анор кўчатлари экилган. Беш юзга яқин кишининг бандлиги таъминланган. 2025 йилгача анорзор майдонини 2 минг гектарга етказиш режалаштирилган. Анорзор тўлиқ ҳосилга киргач 10 минг тонна маҳсулот етиштирилади.

Давлатимиз раҳбари ушбу анорзорни кириб кўрди.

«Тепа Худодан, паст бандадан. Ерга меҳр бериб ишласа, ақл билан экиб, парваришласа, албатта ўз натижасини беради. Ҳамма соҳада маҳсулотни қаерга сотишни, меҳнат ва харажатга нисбатан кўпроқ даромад олишни ўйлаш зарур. Бунинг учун аввало илм керак. Бозор талабини ўрганадиган, замонавий билимларни татбиқ этадиган, маҳсулотнинг ҳосилдорлиги ва сифатини таъминлайдиган ким – кадрлар. Шунинг учун анорчилик бўйича ҳам мутахассислар тайёрлашга эътибор бериш керак, деди Шавкат Мирзиёев.

Анорчилик бўйича илмий марказ, Фарғона давлат университетида кафедра ташкил этиш, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда ген технологиясини ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон анори бўйича бренд яратиш, Фарғона вилоятида яқин йилларда анорзорларни 20 минг гектарга етказиш, кўчатчиликни кенгайтириш, данаксиз анор навларини ўзлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

 

Изоҳ билдириш