46085

Кўксаройда Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари учрашди (видео)

Ўзбекистон 17 август 11:00 591

Кўксаройда Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмонни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтмоқда. Бу ерда олий даражали меҳмонни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Имомали Раҳмон фахрий қоровул олдидан ўтди, икки давлат мадҳиялари янгради. Шундан сўнг президентлар учрашиб бир бирларини қутлашди.

Яқин орада Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмоннинг тор доирадаги учрашуви бошланади.

Тожикистон президентининг ташрифи Ўзбекистон Президентининг Facebook’даги саҳифасида тўғридан-тўғри трансляция қилинмоқда.

Ташриф асносидаги музокараларда икки мамлакат раҳбарлари Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 9-10 март кунлари Тожикистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар ижросининг боришини муҳокама қилиб, ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг, унга узоқ муддатли ва кенг кўламли тус беришнинг устувор йўналишларини белгилаб оладилар.

Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари, шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашадилар.

Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани, турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги анъанавий қардошлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган салмоқли давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар тўпламини имзолаш режалаштирилмоқда.

Изоҳ билдириш