38962

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш давр талаби

Ўзбекистон 16 май 16:20 360

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда партиянинг Тошкент вилояти Кенгаши ходимлари, “Ёшлар қаноти” вилоят Кенгаши, Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалари ҳамда ОАВлари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, унинг амалдаги ижроси ҳамда истеъмолчиларнинг истеъмол ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида олиб борилаётган ишларнинг аҳамиятига кенг эътибор қаратилди.

Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгашининг раиси Умид Шоумаров кириш сўзи билан очиб берар экан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан партия ўртасида меморандум тузилгани ва бундан кўзланган мақсад истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик назоратини кенгайтириш ҳамда аҳоли ўртасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқий маданияти оширишга қаратилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Васлиддин Назаров, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Юнусобод тумани раиси:
– Ташкилотимиз томонидан республикамизнинг турли ҳудудларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича кўплаб тадбирлар, давра суҳбатлари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Жойларда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Партия томонидан ташкил этилган бугунги давра суҳбатида ҳам ёшларга истеъмолчининг ҳуқуқи нималардан иборат эканлиги, фуқаро товар сотиб олиш жараёнида маҳсулот сифатининг қайси жиҳатларига эътибор қаратиш лозимлиги кенг тушунтирилди.

Дарҳақиқат, юртимизда аҳолига ишлаб чиқарувчилар томонидан сифатли маҳсулотларни етказиб бериш, истеъмолчининг сифатсиз маҳсулотлардан зарарланишининг олдини олиш борасида қатор қарор ва фармойишлар чиқарилди. Мазкур қарорларнинг жойларда ижроси таъминланиши натижасида амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда фуқароларнинг савдо, маиший хизматлар, транспорт соҳалари бўйича мурожаатлари камайиб бораётгани кузатилмоқда. Бу эса, ушбу соҳаларда рақобатнинг кучайиб бораётгани, хизмат сифатининг яхшиланаётгани ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ошаётганидан далолатдир.

Шерали Сатторов, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бўлим бошлиғи:
– Партия билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир ёшларнинг истеъмол ва ҳуқуқий маданиятини оширишда аҳамиятлидир деб, ўйлайман. Аҳолининг истеъмол маданиятини янада юксалтириш мақсадида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда “Сифат назорати”, “Истеъмол маданияти” кўрсатувлари намойиш этилмоқда.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси мутахассислари томонидан атрофлича жавоб олишди.

Изоҳ билдириш