37282

Қишлоқ хўжалиги транспорти ва техникаси 2021 йилга қадар божхона тўловларидан озод қилинди

Ўзбекистон 27 апрель 8:59 1 645

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақида «Huquqiy axborot» каналида хабар берилди.

2018 йил 1 июлдан:

барча фермер ва деҳқон хўжаликларининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига (Кенгаш) аъзолиги мажбурий, томорқа ер эгалари учун эса ихтиёрий ҳисобланади;

фермер ва деҳқон хўжаликларининг Кенгашда аъзолигининг тугатилиши ерга эгалик қилиш, ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш уни ижарага олиш ҳуқуқи бекор бўлиши учун асос бўлади;

Кенгашлар қишлоқ хўжалигида шартнома мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан мониторинг ҳамда жамоат назоратини амалга оширади;

деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар томонидан Пенсия жамғармасига йилига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида суғурта бадали тўланган тақдирда, суғурта бадали тўланган йил меҳнат стажига киритилади;

Кенгаш тизимида ишлайдиган пенсионерларга пенсиялар Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ тўланади;

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари томонидан Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов 5 фоиз миқдорида тўланади.
Кенгашга аъзолик бадаллари қуйидагича белгиланди:
пахта хом ашёси ҳамда донли экинлар етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари учун пахта хом ашёси ҳамда доннинг харид нархидан 0,8 фоиз миқдорида;

бошқа фермер хўжаликлари учун улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишдан тушган пул маблағларининг 0,5 фоизи миқдорида;

деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари учун Кенгашга аъзолик тўғрисидаги шартномада кўрсатилган миқдорда.

Кенгашга қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

уйма-уй юриш орқали деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ер участкаларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини, шу жумладан, ерни тайёрлаш, уруғ, кўчат ва дарахтлар экиш, иссиқхоналар қуриш, чорва ва паррандаларни кўпайтириш ҳолатини даврий мониторинг қилиб бориш;

Кенгаш аъзолари – фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига тегишли ер участкаларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш зарурлиги тўғрисида кўрсатмалар бериш;

туман ҳокимларига фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг тегишли ерга бўлган ҳуқуқларини белгиланган тартибда тугатиш зарурлиги тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган таклифлар киритиш.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (Жамғарма) ташкил этилди.
Жамғарма маблағларидан шу жумладан тижорат банклари орқали қишлоқ хўжалиги техникалари ва транспортларини сотиб олиш, иссиқхоналарни қуриш учун материаллар ва бутловчи қисмлар харид қилишга кредитлар беришда фойдаланилади.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан кредитлар ҳудудий фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари билан келишилган ҳолда берилади.
Қарор билан шунингдек:

Жамғарма барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан;

“Томорқа хизмати” МЧЖлар давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб уларнинг асосий фаолияти доирасида 3 йил муддатга барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан;

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ва унинг ҳудудига четдан келтириладиган енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун жиҳозлар, қишлоқ хўжалиги техникаси ҳамда қишлоқ хўжалиги транспорт воситалари белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича 2021 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун тўловлардан ташқари);

“Томорқа хизмати” МЧЖ ёки фермер хўжаликлари билан тузилган касаначилик шартномаси асосида фаолият юритаётган томорқа ер эгалари – жисмоний шахслар уларнинг касаначилик фаолияти доирасида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалардан озод қилинди.

Изоҳ билдириш