44108

Хориждаги ўзбек талабалари билан онлайн мулоқот бўлиб ўтди

Ўзбекистон 6 июль 17:40 754

Жорий йилнинг 6 июль куни «O‘zLiDeP»нинг Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида Малайзиянинг “Осиё Тинч океани технологиялар ва инновация Университети” билан ҳамкорликда, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасининг кўмагида ташкил этилган видеоконференция шаклидаги онлайн мулоқот ҳам ушбу ишларнинг амалий натижаси десак, хато бўлмайди.

Унда Ўзбекистон томонидан бир гуруҳ партия “Ёшлар қаноти” фаоллари, мамлакатимиздаги тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, Малайзиядаги студияда эса “Google”ҳамда “Data Micron (Дата микрон)” технологик компаниясининг Малайзиядаги филиаллари, “PETRONAS” нефть-газ компанияси, “Consolsys-Technology (Консолсис техноложи)” молия хизматлари маркази каби дунёга машҳур ташкилотларда ишлаётган ёш ўзбек мутахассисларидан тортиб, Малайзиянинг нуфузли таълим даргоҳларида таҳсил олаётган талаба ва ўқитувчилар қатнашишди.

Очиқ, самимий ва ўзаро фикр алмашиш майдонига айланган онлайн мулоқотда дастлаб, яқинда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, мақсади ҳақида Малайзиядаги ўзбек ёшларига атрофлича маълумотлар берилди.


Алоҳида таъкидланганидек, ушбу дастур, аҳамияти, долзарблиги, ҳаётийлиги билан мустақиллик йилларида ишлаб чиқилган ўхшаши йўқ кенг қамровли дастур ҳисобланади. Бинобарин мазкур дастурнинг асосида ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қайси соҳада бўлмасин ёшларга ўз иқтидорларини рўёбга чиқариш учун амалда зарур шарт-шароитлар яратиш, иш ўринлари очиш ва ёшлар бандлигини таъминлаш каби вазифалар мужассам. Шу боис дастур қабул қилиниши муносабати билан юртимиз ёшлари ўртасидаги ниҳоятда кўтаринки кайфият, эртанги кунга ортиб бораётган ишонч руҳи ҳақида гапирилди.

Дастур доирасида чет элларда ўқиб қайтган ёш юртдошларимиз ҳам ўзи учун кўплаб қизиқарли йўналишлар топиши, улар учун ҳам катта имкониятлар эшиги очилиши гапириб ўтилди.

Ўз навбатида дастур ижроси учун Ёшлар иттифоқи ҳузурида “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ҳамда унинг туман ва шаҳар филиалларининг ташкил этилгани, бу тузилма маблағларидан ёшларнинг бизнес лойиҳалари учун йиллик имтиёзли кредит берилиши Малайзиядаги талабаларни ҳам қизиқтирмасдан қолмади.

Дастурда ҳар бир туманда ажратиладиган кредит ҳажми ва уни олувчилар сони, кредит бериладиган фаолият йўналишлари, бунинг натижасида яратилиши зарур бўлган иш ўринлари миқдорининг аниқ белгилаб қўйилгани ҳамда ҳар бир фермерга биттадан банд бўлмаган ёшни бириктириш кўзда тутилгани ёшларни ҳаётда ўз йўлини топишлари учун яратилган кенг имконият экани таъкидланди.

Онлайн мулоқотда Малайзияда туриб иштирок этаётган ёшларимиз, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва унинг асосида ишлаб чиқилган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг иқтисодиётни ривожлантиришга тааллуқли қисмида илғор қарашлар кўплиги хусусида фикр юритишди. Жумладан, инновацион лойиҳаларни молиялаштириш учун венчур фондлар имкониятларини жалб қилиш кўзда тутилаётгани, инвесторлар учун солиқ тизими аниқ ва тушунарли бўлишига алоҳида эътибор қаратилаётгани талабалар томонидан қўллаб-қувватланди. Малайзияда таҳсил олаётган ўзбек талабаларининг таъкидлашича, бу каби ўзгаришлар ва янгиланишлар яқин келажакда мамлакатимизни дунёдаги энг инвестицион жозибадор давлатлардан бирига айлантириши шубҳасиз.

Малайзиядаги ўзбекистонлик талабалар назарий дарсларда ўрганаётган қарашларининг бугун Ўзбекистонда амалиётга татбиқ этилаётганидан жуда мамнун эканликларини билдиришди. Бундай ислоҳотларнинг бошида кучли лидер, прагматик раҳбар турганини алоҳида эътироф этишди.

Онлайн мулоқотда Президентимиз раислигида 4 июль куни ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши белгилаб берилган вазифалар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Онлайн мулоқот давомида Малайзиядаги ўзбекистонлик талабалар ўзларини қизиқтирган саволларни ўртага ташлаш имкониятга ҳам эга бўлишди. Хусусан, уларни айни вақтда мамлакатимизда қайси соҳа мутахассисларига кўпроқ эҳтиёж сезилаётгани, ўқишни тугатиб, мамлакатимизга қайтганидан кейин ўз соҳалари бўйича ишга жойлашиш масаласи, дипломларини нострификация қилиш ҳамда бизнес очиш масалаларидаги саволлар кўпроқ қизиқтираётгани кўзга ташланди. Уларнинг саволларига видеоконференцияда ташриф буюрган вазирлик ва идоралар вакиллари батафсил жавоб қайтаришди.

Учрашувда Малайзияда таҳсил олаётган ёшлар орасида ЎзЛиДеП фаолларининг борлиги алоҳида таъкидланиб, бу у ердаги юртимиз ёшлари билан доимий алоқани мустаҳкамлашда муҳим омил эканлиги эътироф этилди.

Тадбир якунида бундай амалий мулоқотларни мунтазам ва кўпроқ ўтказиб туришга келишиб олинди.

Изоҳ билдириш