49002

Бош вазир Абдулла Арипов Сурхондарёда йиғилиш ўтказди

Ўзбекистон 9 ноябрь 10:01 717

Кеча вилоят ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов, Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов, шунингдек, вазирлик ва идоралар, компания ва уюшмалар вакиллари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят, шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Видеоселектор тарзида ташкил этилган йиғилишда шаҳар ва туман студияларида фаоллар, кенг жамоатчилик вакиллари кузатиб борди.

Йиғилиш аввалида ташкилий масала кўрилди. Сурхондарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Абдумуталович Ахунов, шунингдек, вилоят прокурори Ўктам Абдуллаевич Саидов бошқа ишга ўтказилишлари муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шу кунгача вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Раҳматулла Бобохонович Гаппаров Сурхондарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Денов тумани ҳокими Улуғбек Бердиқобилович Қосимов Сурхондарё вилояти прокурори этиб тайинланганлиги маълум қилинди.

Шундан сўнг, йиғилиш кун тартибидаги навбатдаги масалалар юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Ваҳобовнинг вилоятда 2018 йил қишлоқ хўжалиги соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш, пахта ҳосилини етиштириш ва териб олишни таъминлашда йўл қўйилган камчиликлар ва кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисидаги, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Т.Боболовнинг вилоятни 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, давлат дастурлари ва экспорт прогнозларининг бажарилишини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақидаги, вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Амировнинг қурилиш, коммуникация ва коммунал соҳадаги дастурларнинг бажарилиши, ижтимоий соҳа объектлари ва уй-жой фондининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ҳолати борасидаги ахборотлари тингланди.
Шўрчи, Шеробод, Термиз, Ангор, Бойсун туманлари ва Термиз шаҳар сектор раҳбарларининг ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлари юзасидан ҳисоботлари эшитилди.

Видеоселектор йиғилишида вилоят секторлари раҳбарлари – вилоят ҳокими, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар ҳамда давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди.

Муҳокама этилган долзарб масалалар юзасидан қилиниши лозим бўлган аниқ вазифалар ва зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Бу вазифаларни бажариш барча бўғиндаги маҳаллий раҳбарлардан масъулиятни чуқур ҳис этиб, қатъий тартиб-интизом билан фидокорона меҳнат қилишни, энг муҳими, амалий натижаларга эришишни талаб этиши алоҳида қайд этилди

Изоҳ билдириш