49364

Аёл кишини ечинишга мажбурлаган собиқ оперга суд ҳукми ўқилди

Ўзбекистон 22 ноябрь 10:06 1 044

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида Каттақўрғон шаҳар ИИБнинг собиқ ходими Санъат Умаров устидан ҳукм ўқилди, деб хабар қилди РИА Новости маҳаллий суд органларига таянган ҳолда.

Хабарда айтилишича, 21 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида судланувчи Санъат Умаров (1988 йилда Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, муқаддам судланмаган, Каттақўрғон шаҳри ИИБ катта тезкор вакили лавозимида ишлаган)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосари Ўткир Мамадалиев томонидан кўриб чиқилди, судья ҳукмни ўқиб эшиттирди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, С.Умаровни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми, 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 2-қисми «а», «з» бандларида ва 241-1 моддасида (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда (этишда) айбдор деб топди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судланувчига Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида 3 йил мансабдорлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда (яъни, у озодликдан чиққанидан кейин 3 йил давомида давлат ишида ишлай олмайди), 6 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади ҳамда жазони умумий тартибли колонияларда ўташни белгилади.

Шунингдек, суд томонидан судланувчи ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилган.

Изоҳ билдириш