29039

1 апрелдан табиий газ ва электр энергияси учун тўлов ошади. Бунга сабаб…

Ўзбекистон 11 январь 16:39 2 672

Ўзбекистонда 1 апрелдан табиий газ ва электр энергиясидан фойдаланганлик учун тўлов нархи ошади.

Бу ҳақида иқтисодиёт вазири ўринбосари Мубин Мирзаев Халқаро пресс-клуб йиғилишида маълум маълум қилди.

«1 апрелдан аҳоли учун табиий газдан фойдаланганлик учун тўлов нархи 10%га, электр энергияси учун 12 %га ошади. Ушбу параметрлар инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда давлат бюджетига киритилган», — деди у.

Унинг айтишича, бюджетда шунингдек, нафақа, ижтимоий тўлов ва иш ҳақи мамлакатдаги нархлар ошишига мос ҳолда ўсиб боради.

«Биз ҳар олти ойда иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорини кўриб чиқамиз ва уларни инфляция даражасига мувофиқ тарзда оширамиз. Нархлар қанчалик кўтарилса, аҳолининг маоши ҳам шунчалик ошади. Буларнинг бари янги бюджетда кўзда тутилган», — деди вазир ўринбосари.

Маълумот учун, газ ва электр энергияси тарифлари охирги марта 2017 йилнинг июлида оширилган.

Айни вақтда 1 куб метр табиий газ нархи 263,4 сўм, нарх 10 фоиз ошганда 1 куб метр табиий газ нархи 289,7 сўмни ташкил этади.

Аҳолига етказиб берилаётган 1 кВтс электр энергияси айни вақтда 204,3 сўм. Бу нарх 1 апрелдан кейин 224,7 сўм бўлади. Электр плиталари билан жиҳозланган турар-жойларда яшовчи аҳоли учун эса электр энергияси нархи 1 кВтс учун 102,15 сўмдан 112,35 сўмга ошади.

Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномасида давлат бюджети лойиҳасини кескин танқид қилган ва уни имзоламаслигини айтганди. Давлат раҳбари ҳужжат халқ манфаатларини ифодалаши лозимлигини, уни ҳар томонлама ва чуқур ўрганиб чиққанидан кейингина имзолашини билдирганди.

Изоҳ билдириш