40012

Вундеркинд болалар сири ёки мияни озиқлантирувчи 10 маҳсулот

Тиббиёт 25 май 14:38 5 286

Баъзи ота-оналар фарзандларининг мактабда паст баҳолар олаётганидан, интеллектуал салоҳиятининг паст эканлигидан шикоят қилишади. Баъзан уйда фарзандларига қанча кўп дарс тайёрлашни машқ қилдирмасин, барибир уларда ҳеч бир ўзгариш сезилмаётганидан хафа бўлишади.

Аммо ҳамиша ҳам аъло баҳоларга ўқиш боланинг интеллектуал салоҳиятига боғлиқ бўлавермайди. Хўш, унда бу жараённи қандай баҳолаш мумкин? Мутахассисларнинг аниқлашича, бундай ҳолатга кўпинча бола организми, айниқса унинг мияси талаб қилаётган витаминлар етишмаслиги сабаб бўлар экан. Демак, бир ўйлаб кўринг, фарзандингиз витаминга бой маҳсулотларни тановвул қилаяптими?

Мақоламиз давомига кўз югуртирсангиз, айни фарзандингизбоп, яъни уларнинг мия фаолиятини фаоллаштириб, интеллектуал салоҳиятини кўтарувчи маҳсулотлар ҳақида маълумот берамиз.

1. БАЛИҚ. Балиқ таркибида мия ишини фаоллаштирувчи моддалар бор. Бу моддалар «ақлли» болакайларнинг кўпайиши учун хизмат қилади. Айниқса балиқ таркибида учровчи омега-3 ёғ кислотаси мия фаолияти учун зарур модда ҳисобланади. Балиқдан тайёрланган таомларни истеъмол қилиш боланинг зеҳнли бўлиб ўсишини таъминлаш билан бирга, унинг кучли ва соғлом бўлишида ҳам катта аҳамиятга эга.

2. ТУХУМ. Тухум бола организма соғлом ўсиши учун уни керакли витаминлар билан таъминлайди. Тухум таркибидаги калций моддаси суякларни мустаҳкамлайди. Тухум сариғи таркибидаги холин моддаси эса хотиранинг кучли бўлиши учун хизмат қилади. Тухум сариғи айниқса мактаб ёшидаги болаларга тавсия этилади. Бу уларнинг зеҳнини кучайтиришдаги энг яхши восита.

3. «Е» ДАРМОНДОРИСИ. Ушбу дармондори ундирилган буғдой, сули, ерёнғоқ таркибида кўп миқдорда учрайди, Е витамини миядаги асаб қаватларини ҳимоя қилувчи энг керакли витамин ҳисобланади. Болакай таомномасига Е витаминига бой таомларни киритиш зарур. Бу унинг кучли идрок эгаси бўлишига хизмат қилади.

4. КЕПАК. Мия меъёрий фаолият юритиши учун муайян миқдорда глюкоза талаб килади. Кепак таркибида эса глюкоза етарли миқдорда учрайди. Шу билан бирга унинг таркибида бириктирувчи тўқималар мавжудлиги ҳисобига ҳам болакай учун жуда зарур саналади. Кепак таркибида асаб тизимини озиқлантирувчи В гуруҳидаги витаминлар ҳам мавжуд. Шу сабабли тозаланмаган буғдойдан, кепаги олинмаган ундан тайёрланган нонларни истеъмол қилиб туриш тавсия этилади.

5. СУЛИ ЁРМАСИ. Сули – бола учун энг яхши нонуштадир, чунки унинг таркибида Е, В витаминлари, потассиум ва руҳ моддалари мавжуд. Мазкур элемент ва витаминлар фарзандингизга ўзининг интеллектуал салоҳиятини тўла намоён этишга кўмаклашади. Мева ва сабзавот шарбатлари таркибига сулини қўшиб истеъмол қилиш фарзандингиз учун жуда фойдали. Сиз ҳар тонгда фарзандингизга сули ёрмаси кўшиб тайёрланган таомлар тайёрлаб беришга одатланинг.

6. МЕВАЛАР. Қулупнай, қорақат (смородина), олча, малина, ўрик, ер-тут сингари мевалар энг аввало саратон касаллигининг олдини олувчи антиоксидант (антиоксидловчи)ларга эга эканлиги билан фойдали саналади. Шу билам бирга таркибида хотирани яхшиловчи моддаларга, жумладан омега-3 кислотасига бойлиги билан ажралиб туради. Фарзандингизга ўзи севиб истеъмол киладиган меваларни истаганича ейишига қўйиб беринг.

7. ДУККАКЛИ МАҲСУЛОТЛАР. Ловия, нўхат, ясмиқ дони ва бошқа дуккаклилар таркибида протеин, мураккаб углеводлар (қондаги қанд модда си миқдорини унчалик оширмайдиган), бириктирувчи тўқималар (қонга қанча миқдорда глюкоза тушишини бошқарувчи А витаминлар ва минераллар кўп миқдорда мавжудлиги туфайли ўсиш жараёнида жуда катта аҳамиятга эга. Шу билан бирга мияни керакли витаминлар билан таъминлайди. Фарзандингизга тайёрлайдиган таомингиз таркибида дуккакли маҳсулотлар борлигига аҳамият беринг. Шуни ҳам унутмаслик керакки баъзи дуккакли маҳсулотлар аллергик таъсир қўзғатиши мумкин. Шу боис энг аввало фарзандингизда бундай ножўя таъсир кузатилмаслигига эътиборли бўлинг.

8. САБЗАВОТЛАР. Помидор, бақлажон, ошқовоқ, сабзи, булғор қалампири, маккажўхори, бодринг ва бошқа сабзавотлар таркибида шикастланган тўқималарни тикловчи катта миқдопда антиоксидантлар мавжуд. Шу сабабли янги узилган сабзавотлардан тайёрланган шарбатлар болакайларнинг ўсиши учун беминнат хизмат қилади. Фарзандингизга кечки уйқуга ётишдан бир соат олдин сабзавотли шарбат ёки салатлар тайёрлаб беринг. Нонушта учун тайёрланган сабзавотли бўтқалар ҳам бу борада жуда фойдали.

9. СУТ МАҲСУЛОТЛАРИ. Сут маҳсулотлари протеин ва В гуруҳи витаминларига бой. Бу моддалар мия тўқимасининг ўсиши ва фаоллашуви учун жуда зарур. Шу билан бирга болакайнинг кучли бўлишини таъминлаб, хотирасининг яхшиланишига ёрдам беради.

10. ГЎШТ МАҲСУЛОТЛАРИ. Гўшт — темир ва руҳ – моддасининг манбаи. У мия фаолиятини яхшилашга ёрдам беради. Гўштни С дармондорисига бой озуқа маҳсулотлари (помидор, булғор қалампири) билан бирга истеъмол кулиш организмининг темир моддасини яхши ҳазм бўлишига кўмаклашади. Гўшт маҳсулоти боланинг бақувват бўлиб ўсишини, кучли идрок эгасига айланишини таъминлайди.

Юқорида келтириб ўтилган барча маҳсулотлар болакайнинг кундалик таомномасига киритилган бўлиши лозим. Бундан ташқари, барча витамин ва минералларга бой маҳсулотлардан ҳам етарлича истеъмол қилиш тавсия қилинади.
Севара Тошмуқимова

Изоҳ билдириш