33139

Самарқанд касалхоналарида бир марталик тиббий буюмлар қайта ишлатилган, туғуруқхоналарда стерилизация талаблари бузилган

Тиббиёт 1 март 12:09 337

2018 йил бошида Самарқанд вилоятида ўтказилган ўрганишлар даволаш-профилактика муассасаларида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасида ишлар суст олиб борилаётганини кўрсатди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.

Хусусан, Самарқанд вилояти стоматология поликлиникасида стерилизация ишлари сифатсиз олиб борилган, баъзи ҳолларда бир маротабалик тиббий буюмлар қайта ишлатиб келинган.

Шунингдек, Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли муассасаларда тиббий асбоб-ускуналарни стерилизация қилиш жараёнида ва бошқа муолажаларни ўтказишда амалдаги санитария қоидалари ва меъёрлари қўпол равишда бузиб келингани маълум бўлди.

«Масалан, тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ мажмуасининг жарроҳлик блокида стерилизация жараёни талабга жавоб бермайди», — дейилади вазирлик ахборотида.

Бу каби ҳолатлар Самарқанд вилоят перинатал маркази, Самарқанд, Каттақўрғон, Тайлоқ, Нарпай туманлари ва Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмалари фаолиятида ҳам аниқланган.

Бу борада йўл қўйилган хато ва камчиликлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилишида муҳокама қилинган ва йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Жумладан,

Самарқанд вилоят стоматология поликлиникаси бош шифокори А.Норбўтаев ҳамда
Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О.Элбабаев
билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳамда Самарқанд, Каттақўрғон, Тайлоқ, Нарпай туманлари ва Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, Самарқанд вилоят перинатал маркази бош шифокорига нисбатан интизомий чора қўллашга қарор қилинди.

Изоҳ билдириш