38060

Ижтимоий дорихона очиш тартиби белгиланди

Тиббиёт 7 май 8:50 2 236

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги қарори билан ижтимоий дорихоналар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Бу ҳақида Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур Низомга мувофиқ ўз логотипига эга бўлган, дорихона ассортиментидаги ижтимоий аҳамиятга эга барча дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳамда Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилган бошқа дори воситалари ва тиббий буюмларнинг чакана реализацияси билан шуғулланувчи, Соғлиқни сақлаш тизимидаги ихтисослаштирилган ташкилот ижтимоий дорихона сифатида эътироф қилинади.

Ижтимоий дорихона Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан, давлат-хусусий шериклик шартларига кўра ташкил қилинади.

Қуйидагилар ижтимоий дорихоналарни жойлаштиришнинг асосий омиллари ҳисобланади:

вилоят, туман, шаҳарнинг маъмурий-ҳудудий тузилиши;

ҳудуднинг географик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари;шаҳар, туман ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги аҳолининг сони;

амбулатория поликникларида тиббий хизматни ташкил этиш даражаси;

ижтимоий дорихоналарнинг хизмат кўрсатиш радиуси (ижтимоий дорихоналарни тавсия этилган хизмат кўрсатиш радиуси аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади, шаҳарларда 2-3 км, қишлоқ ҳудудида 5-10 кмдан кам бўлмаган масофада).

Ижтимоий дорихоналар вилоят, туман марказларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларнинг оилавий поликникалари ва қишлоқ врачлик пункларида жойлаштирилади.

Ижтимоий дорихоналарнинг асосий вазифаси аҳолини Рўйхатга киритилган дорихона ассортиментидаги дори воситалари ва тиббий буюмлар, бошқа турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш, шунингдек, имтиёзга эга айрим тоифадаги шахсларни дори воситалари билан таъминлашдан иборат.

Ижтимоий дорихоналарда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг нархларини назорат қилиш Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти томонидан амалга оширилади.

Изоҳ билдириш