42885

«AKFA Medline» Тошкентда хорижий университет филиалини очиш бўйича музокалар олиб бормоқда

Тиббиёт 25 июнь 14:25 517

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 декабрдаги «Хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида»ги ПҚ-3450-сон қарорига мувофиқ, AKFA Medline кўп тармоқли тиббиёт маркази вакиллари Жанубий Кореядаги етакчи олийгоҳлардан бири ҳисобланган Инха университетининг госпитали раҳбарияти билан музокаралар олиб борди. Тошкентга ташрифи давомида мазкур тиббиёт муассасаси президенти Ким Юнг Мо бошчилигидаги делегация 21 июнь куни AKFA Medline тиббиёт маркази фаолияти билан яқиндан танишди.

“Тошкентга иккинчи бор келишим. Сўнгги бор ташриф буюрган вақтимдан бери Тошкентда кўплаб ўзгаришлар амалга оширилибти. Мазкур ёқимли, сокин шаҳарда ажойиб муҳитга гувоҳ бўлиш мумкин. Ташрифимиздан асосий мақсад AKFA Medline билан ҳамкорликни йўлга қўйиш: AKFA Group ва университетимиз тиббиётга иҳтисослашган янги хусусий олийгоҳ барпо этишни режалаштирган”, – дея таькидлади Инха университети госпитали президенти Ким Юнг Мо.

Олий ўқув юрти раҳбари AKFA Medlineда аҳоли саломатлигини тиклаш, мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Корея делегацияси вакиллари тиббиёт марказининг малакали мутахассислари билан учрашиб, ўзаро фикр алмашишди.

“Мазкур клиника мени жуда замонавийлиги, озодалиги билан ҳайрон қолдирди. Ушбу тиббиёт марказида иш пухта йўлга қўйилган. Умид қиламанки, томонлар ўртасидаги ҳамкорлик муваффақиятли бўлади. Келажакда алмашинув дастурларини йўлга қўйиш ҳам назарда тутилган. Хозирда мазкур масала юзасидан муҳокама олиб бораяпмиз”, – дея қўшимча қилди Ким Юнг Мо.

Куннинг иккинчи ярмида AKFA Medline тиббиёт маркази ва Инха университети Госпитали ўртасида келишув имзоланди. Унга кўра, Жанубий Корея томонининг янги ўқув муассасасини зарур барча ўқув дарсликлар ва дастурлар билан таъминлаши, унга тиббиёт йўналишида университет очиш бўйича Инха университети госпиталидан маслаҳатчи юбориши ва профессорларни жалб этишга кўмаклашиши белгиланди. Шу билан бирга, Корея делегацияси билан AKFA Medline қошидаги Малака ошириш маркази фаолияти бўйича ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

Изоҳ билдириш