49998

Тошкентда яна икки автобус ёниб кетди

Технология 17 декабрь 9:15 508

15 декабрь куни Тошкентдаги 8 – автобус саройида ёнғин содир бўлди. Саройнинг таъмирлаш цехида чиққан ёнғинда 2та автобус ёниб кетди, деб хабар қилмоқда «Тошшаҳартрансхизмат».

Хабарда айтилишига кўра, ёнғин техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмай олиб борилган пайвандлаш ишлари оқибатида келиб чиққан.

«15 декабрь куни, соат 13:40лар атрофида “8-автобус саройи” МЧЖ ҳудудида жойлашган “Тошавтотаъмирхизмат” УК ишлаб чиқариш кузов таъмирлаш бўлимида пайвандлаш ишларини олиб бориш жараёнида, техник хавфсизлик қоидалари бузилганлиги оқибатида, ёнғин содир бўлган. Ёнғин оқибатида, ишчи ва хизматчилардан ҳеч ким жароҳатланмаган аммо, таъмирлашда бўлган 2 та автотранспорт воситасига зарар келтирилган», – дейилган «Тошшаҳартрансхизмат» расмий хабарида.

Юнусобод туман Ёнғин хавфсизлик хизмати хабарида айтилишига кўра, ушбу ёнғинда 1та MAN ва 1та Mercedes русумли автобуслар зарар кўрган. Айни дамда ушбу иш юзасидан Ёнғин хавфсизлиги бўлими ва «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ маъсул ходимлари томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, текширув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил бошида «Тошшаҳартрансхизмат» таркибида Самарқандда ишлаб чиқарилган, газда ҳаракатланувчи MAN автобуслари йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлаган эди. Келажакда 350та ана шундай автобуслар харид қилиш режалаштирилган.

Изоҳ билдириш