44723

«Sevimli»: Ишқий саҳна эфирга кетишига сабабчи бўлган ходимлар ишдан олинди

Технология 16 июль 14:31 2 100

Кеча, 15 июль куни «Sevimli» телеканалининг кечки эфирларида «Ҳурлиқо» фильми эфирга узатилган, ундаги қисқа эпизодларнинг бирида миллий менталитетимизга мос бўлмаган кадрлар акс этган. Ушбу ҳолат кўплаб ўзбекистонлик томошабинларнинг эътирозига ва ижтимоий тармоқлардаги кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Юзага келган вазиятга «Sevimli» телеканалининг мутасаддилари «Facebook»даги саҳифаси орқали қуйидагича изоҳ беришди.

Каналимиз мухлисларига маълумки биз ўзбек миллий кинолари билан бир қаторда хориж кино ижодкорларининг тарихий ва замонавий мавзудаги фильмларини намойиш этиб келамиз. Мазкур фильмлар кўпчилик томошабинларга манзур бўлаётганлиги канал ижтимоий тармоқларида билдирилаётган фикр-мулоҳазалардан маълум.

Бироқ, иш бор жойда камчилик ҳам бўлади деганларидек, 15 июль куни кеч соат 22. 30 дан кейин эфирга узатилган фильмда техник хато туфайли миллий ахлоқимизга зид қисқа эпизод ўтиб кетиб қолди. Ўз ишига масъулиятсизлик қилган барча ходимлар ишдан бўшатилди. Бундай хато такрорланмаслиги учун зарур чора-тадбирлар кўрилди ва белгиланди.

Ушбу ҳолат муносабати билан каналимиз ижодий жамоаси барча телетомошабинлардан узр сўрайди, дейилади хабарда.

Изоҳ билдириш