31397

Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах Тошкентга келади

Спорт 8 февраль 14:36 275

Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах МОҚ президенти Умид Аҳмаджоновнинг таклифига кўра, пойтахт Тошкентга ташриф буюради.

Қишки Олимпиаданинг очилиш маросимида иштирок этиш учун Пхёнчханда бўлиб турган Аҳмаджонов ХОҚ президенти билан кўришди. Учрашув давомида томонлар янги босқичга кўтарилаётган Ўзбекистондаги олимпия ҳаракатини ривожлантириш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашиш борасида келишиб олди.

Томас Бахнинг Тошкентга ташрифидан кўзланган асосий мақсад — МОҚ ва ХОҚ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан иборат бўлади. Бунгача Бах 2015 йил Ўзбекистонга келган бўлиб, мамлакат спорти ҳақида тасаввурга эга бўлганди.

Бироқ ўтган икки йил давомида Ўзбекистон спортида катта ўзгаришлар бошланди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат спортни тубдан ислоҳ қилиш масаласини кун тартибига қўйди. Орада Ўзбекистон футбол федерацияси ва Миллий олимпия қўмитасида раҳбарият алмашди.

Умид Аҳмаджонов МОҚ президенти этиб сайлангач, Томас Бах биринчилардан бўлиб табрик мактуби йўллаганди. Энди мартабали меҳмонда янги босқичга чиқаётган Ўзбекистон спорти борасидаги тасаввурларни янада бойитиш учун амалий имконият бўлади.

МОҚ фаолияти ҳам ЎФА сингари замонавий талаблар асосида ташкил этилади. Айни вақтда футбол мутахассислари, ҳакамлари ва мураббийлари Испания, Англия, Япония, Жанубий Корея, Қатар каби ривожланган мамлакатларда иш тажрибасини ўрганаётган бўлса, келгусида қолган спорт турлари мутахассисларининг фаолиятига кўмаклашиш мақсадида, улар ҳам иш ўрганиш учун ривожланган хориж мамлакатларига юборилади.

Изоҳ билдириш