23030

Ўзбекистонда гўшт нархининг кўтарилиб кетишига нима сабаб бўлди?

Жамият 7 ноябрь 15:38 1 513

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Банк-молия академияси ҳамкорлигида «Инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш — Ўзбекистонда жадал иқтисодий ўсишни таъминлашнинг муҳим шарти» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақида партия матбуот хизмати хабар қилган.

Давра суҳбатида сўзга чиққан Ўзбекистон Давлат иқтисодиёт университети («Нархоз») докторанти Муҳиддин Юсупов мамлакат бозорларида гўшт нархининг ошиб кетишига таъсир кўрсатган сабаблар ҳақида тўхталиб ўтди.

Мана, кўриб турибсизлар, бозорларимизда лаҳм гўштнинг бир килограмми нархи 40 минг сўмгача, суяклиси эса 34 минггача кўтарилди. Нархларнинг нега бундай кўтарилиб кетгани кўп муҳокама қилиняпти. Нега?

Озуқа экин майдонлари 2016 йилга келиб 2005 йилга нисбатан 40 фоизга камайиб кетган. Собиқ Иттифоқ даврида, 1990 йилда жами экин майдонларининг 24,8 фоизига озуқа экинлари экилган. Ҳозир, шу кеча-кундузда эса бу кўрсаткич 9 фоизга ҳам етмайди. Бу биринчидан.

Иккичидан, бизда гўшт, сут етиштириш деҳқон хўжаликлари, шахсий томорқа хўжаликларига бериб қўйилган — уларнинг ўзи жами маҳсулотнинг 95 фоизини тайёрлаб беряпти. Лекин бу хўжаликларни қўллаб-қувватлаш учун шу вақтгача нималар қилдик, деган саволни ҳам ўртага ташлаш керак.

Уларни на ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаймиз, на бир ўғит таъминлаш бор, уларнинг тузукроқ чорва етиштириши учун ер ажратиб бериш масаласини ҳам ҳал қилиб бераётганимиз йўқ, деди ТДИУ докторанти Муҳиддин Юсупов.

Изоҳ билдириш